Марказ ҳақида


Марказ фаолиятининг ҳуқуқий асослари

Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 октябрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Марказ фаолиятининг ҳуқуқий асосини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 13 ноябрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги Қарори ҳамда мазкур Қарор билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази тўғрисида”ги Низом ташкил этади.

Марказга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тайинланадиган директор бошчилик қилади.

Таркиби

Марказ таркиби бўлимлар ва котибият, шунингдек “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали тахририятидан иборатдир.

Марказ таркиби:

1. Марказ раҳбарияти;

2. Ахборот-ҳуқуқ бўлими;

3. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими;

4. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими;

5. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича таьлим бўлими;

6. Жамоатчилик билан алоқалар бўлими;

7. Таҳририят-ноширлик бўлими;

8. Котибият.

Марказ ҳузурида, шунингдек, инсон ҳуқуқларига доир 5.000 дан зиёд китоблар, журналлар ва бошқа адабиётлардан иборат китоб фондига эга бўлган Ихтисослаштирилган кутубхона ҳам фаолият олиб боради.

 Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари

Биринчи, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимояси ва уларга риоя қилиниши бўйича миллий маърузалар тайёрлаш.  Марказ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тегишли шартномавий органларига тақдим этиш учун БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари қоидаларининг Ўзбекистонда бажарилиши тўғрисида даврий миллий маърузаларини тайёрлайди. Жумладан, 2012 йил бошигача бўлган ўтган давр мобайнида Марказ томонидан 30 га яқин миллий маъруза ҳамда БМТ шартномавий органлари ва БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Универсал Даврий Ҳисоботи (УДҲ) бўйича тавсиялари бажарилиши юзасидан 20 тадан кўпроқ миллий режалар тайёрланди. Миллий маърузаларни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлик ва идоралари миллий маърузага киритиш учун зарур бўлган ахборотларни тақдим этиш орқали иштирок этадилар. Маърузаларни тайёрлаш жараёнига, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя этиш ва бу ҳуқуқларни ҳимоя қилишга кўмаклашувчи фуқаролик жамияти институтлари кенг ва фаол жалб этилади.

Иккинчи, қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш. Марказ, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига тааллуқли масалалар бўйича қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва улар экспертизасини амалга ошириш орқали қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий–тадқиқот ишларини такомиллаштириш масалаларини мувофиқлаштириб боради.

Учинчи, ахборот-маърифий ва таълим фаолияти. Марказ инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий ва таълим фаолиятини амалга оширади. Инсон ҳуқуқларининг турли масалаларига бағишланган халқаро, миллий ва минтақавий анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатлари доимий равишда ўтказилади. Оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Тўртинчи, халқаро ҳамкорлик. Марказ қатор халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади. Марказ ҳамкорлари қаторига БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар Координатори идораси, ЮНИСЕФ, Германиянинг техник ҳамкорлик, Ф.Эберт номидаги жамғармалари ва бошқалар киради. Халқаро шериклар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган турли лойиҳалар амалга оширилади.

Бешинчи, ноширлик фаолияти. Марказ ноширлик фаолиятига катта эътибор беради. Бугунги кунгача марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича 200 тадан кўпроқ номланишдаги тўпламлар, китоблар ва бошқа адабиётлар давлат тилида кўп минг ададда чоп этилди. Нашр этилган адабиётларнинг кўпчилиги давлат органлари, илмий–таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ўртасида бепул тарқатилади. Марказ йилнинг ҳар чорагида ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этиладиган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг муассиси, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналининг ҳаммуассиси ҳисобланади.

Олтинчи, инсон ҳуқуқлари мониторинги. Марказда Жамоатчилик билан алоқалар бўйича бўлим фаолият олиб боради. Бўлим фуқароларни мурожаатларини ўрганиш орқали фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши ҳамда ҳимоя қилиниши мониторингини олиб боради. Бўлим ходимлари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳуқуқий ҳимояланиш тартибини тушунтиради; фуқаролар ҳуқуқларининг бузилишларини бартараф этишга кўмаклашадиган бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатади; инсон ҳуқуқлари бузилиши сабабларини ўрганади, давлат органларига инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсади кўзланган тавсиялар тайёрлайди.

Фуқаролар ўз аризалари, шикоятлари ёки таклифларини почта орқали Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказига юборишлари мумкин.

Шу билан бир қаторда фуқаролар қуйидаги телефон орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари мумкин:

+998 71 239 13 58

Марказ (Жамоатчилик билан алоқалар бўлими)да Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига биноан ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар иш кунида малакали ҳуқуқшунослар томонидан фуқароларни қабул қилиш амалга оширилади.