“Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журнали


Ўзбекистоннинг «Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари» журнали 1998 йилдан бошлаб нашр этилади. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази журналнинг муассислари ҳисобланади. Журналда материаллар ўзбек, инглиз ва рус тилларида эълон қилинади. Журнал йил чорагида бир марта чиқади.

Журналнинг шиори: «Дунёни, унга турли нигоҳлар билан қараб англаш мумкин».

Ҳозирги замоннинг у ёки бу энг муҳим муаммолари тўғрисида жамоатчилик фикрини холисона акс эттириш, ушбу муаммоларни ҳал этишнинг энг амалий йўлларини топишга ўз улушини қўшиш учун уни ҳар томонлама ошкора муҳокама қилиш, республикада демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуришга, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий билимлари ва маданиятини оширишга, онги ўсишига фаол кўмаклашиш нашрнинг асосий мақсад ва вазифаларидан биридир. Жуда мураккаб ва кўп қиррали ҳодиса бўлган жамоатчилик фикрининг ўзи сингари журнал ҳам қай бир даражададир жамиятдаги фикрлар ва кайфиятлар кўзгуси бўлишга даъват этилган. Журнал саҳифалари турли мавзулар, мақолалар, муаллифлар учун очиқ. Тарих ва фалсафа, социология ва санъатшунослик, ижтимоий ва гуманитар фанлар, журналистика ва публицистика – буларнинг барчаси бизнинг нашримизда ўз ўрнини топади.


Orqaga