Болалар ҳуқуқлари уни тўлақонли таъминлаш жамият манфаатларига хизмат қилади


Болалар ҳуқуқлари 
уни тўлақонли таъминлаш жамият манфаатларига хизмат қилади

Мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини  янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада юксак босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Бинобарин, унда бир қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинади. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир Факультатив протоколга (2000 йил 25 май, Нью-Йорк) мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.

Шу ўринда “Президент қарорининг долзарблиги ва муҳимлиги нимада?!”, деган савол туғилади. 

Маълумки,  Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган 12 миллион 200 минг нафардан ортиқ болалар бор. Аммо уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт мавжуд эмас эди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқуллангани ниҳоятда муҳимдир. 

Юртимизда боланинг манфаатларига алоқадор масала ҳал этилаётганда, афсуски, унинг ўз фикри тингланишини таъминловчи механизмлар ҳалигача шакллантирилмаган. Эндиликда шу долзарб муаммо ҳам амалий ечимини топди: тегишли вазирлик ва ташкилотларга уч ой муддатда боланинг оқилона ҳамда мустақил фикрлаш қобилиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар ҳамда шахслар боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт.

Қарорда бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қоидалар белгиланди. Бунда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсиялари, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган тегишли нормаларга таянилди. Ушбу ҳужжатда бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган янгиликлар ўз ифодасини топди. 

Биринчидан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган тураржойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилмоқда.

Халқаро экспертлар фикрича, интернат шаклидаги муассасалардаги болалар сонини қисқартириш жуда муҳим. Бунга эришиш учун эса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш лозим. 

Маълумотларга қараганда, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳар 100 минг боланинг 666 нафари, Ўзбекистонда эса 200 нафардан кўпроғи интернат шаклидаги муассасаларда тарбияланмоқда. Ўзбекистондаги бундай кўрсаткич минтақадагидан паст бўлса-да, ушбу муаммолар эътибордан четда қолиши мумкин эмас.

Бу фикрларнинг далили сифатида бир мисол келтирамиз. Яъни 2011 — 2017 йилларда Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олган ва уй-жойга муҳтож 1 минг 406 нафар битирувчи — навқирон фуқароларимизнинг 55 фоизи (773 нафари) уй-жойли бўлган, аммо қолган 45 фоизи (633 нафари) яшаш жойи билан таъминланмаган.

Қарорда Меҳрибонлик уйларида тарбия кўраётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатишга доир янги амалий чоралар белгиланган. 

Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоиз давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилади. Янада эътиборлиси — “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. 

Иккинчидан, боланинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда болаларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш тизими хизматидан фойдаланиш, умуман, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоядаги манфаатларини изчил оширади. 

Учинчидан, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланадиган бўлди. Бундан буён бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди. Аҳамиятли томони шундаки, илгари болаларнинг васийлик ва ҳомийлик органларигагина мурожаат қилиш билан чегараланган ҳуқуқи бошқа органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи билан кенгайтирилди.

Тўртинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли экани қарорда қатъий қайд этилган. 

Бу адолатли талаб мисолида айни йўналишдаги ислоҳотлар нечоғли шахдам эканини кўриш мумкин. Нега деганда, кейинги даврда Оила кодексига бола балоғат ёшига етишига қадар бўлган даврда алиментларни, шу жумладан, кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд ва бошқа қимматбаҳо буюм тақдим этиш йўли билан ҳам барвақт тўлаш имконияти тўғрисида норма киритилган. Бунда вояга етмаган боланинг ҳуқуқлари бузилмайди. Ҳозир ҳар бир болага тўланиши керак бўлган алимент миқдори ўрнатилган энг кам иш ҳақининг 75 фоизидан оз бўлмаган миқдорда белгиланган. 

Бешинчидан, эндиликда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат этишда даъвогар давлат божи ва тўловлардан озод қилинади. Болалар манфаатлари йўлидаги бу имтиёз ҳам халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мутаносибдир.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 3-моддасида болани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган. ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод қилиниши мақбул ҳисобланади.  

Олтинчидан, шу йил сентябрь ойидан эътиборан мамлакатимизда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёшни ташкил этади. Бу қоида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияси бўйича жорий этилди. Илгари, Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланганди. Бу борадаги хорижий тажрибага назар солинса, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби 154 та мамлакатда никоҳ ёши барча учун баробар 18 ёш эканини кўриш мумкин. 

Еттинчидан, ҳозирги вақтгача қонунчилигимизда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган бола маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилса, унинг ота-онаси Ўзбекистонда қонуний асосга кўра яшаб турган бўлса-да, ҳуқуқбузар  болани мамлакатдан чиқариб юборишга доир норма мавжуд эди. Қарорда ушбу нормани бекор қилиш йўлида муҳим қадамлар қўйилди.

Бинобарин, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 8-моддасига биноан, иштирокчи давлат бола ўз ота-онасидан боланинг хоҳиш-иродасига зид тарзда айрилишига йўл қўймайди. Боланинг энг устун манфаатлари шундай айрилишни талаб қиладиган ҳоллар бундан мустасно.

Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, амалдаги бир қанча қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартишлар киритилади. 

Саккизинчидан, Ўзбекистонда ювенал адлия тизимини жорий этиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Бу жараёнда қонун ҳужжатларидаги “вояга етмаган” ва “бола” каби тушунчаларни бир хиллаштириш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундан кўзланган мақсад 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида қатнашиши учун қулай шароит яратишдан иборат.

Бундан буён оналик ва болаликка оид статистик маълумотлар “stat.uz” веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади. ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисидаги электрон маълумотлар алмашиш бўйича тизимнинг тўлиқ ишлашини таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.  

Президентимизнинг мазкур қарорини болажон халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Бу бежиз эмас. Чунки ўғил-қизларимиз — келажагимиз эгалари, миллатимиз давомчиларидир. Уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш жамият равнақи, эртанги истиқболимиз учун жуда муҳим. 

Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази директори,
академик.

Orqaga