Тараққиёт ва халқлар фаровонлиги мақсадини кўзлаб


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1987 йил 11 июль куни Ер юзидаги  аҳоли сони тахминан 5 миллиард кишини ташкил этганлигини эълон қилган ва бу кунни Беш миллиард хотираси куни деб номлаган эди. Орадан икки йил ўтгач – 1989 йилда БМТ янги халқаро байрам - Бутунжаҳон аҳолишунослик кунини таъсис этиб, уни 11 июлда нишонлашни белгилаб қўйди. БМТнинг Ривожланиш дастури ушбу санани нишонлаш орқали умумий тараққиёт режалари ва дастурлари доирасида  жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини аҳолишунослик муаммоларига жалб этишни тавсия қилди.

Ҳозир курраи замиримиз аҳолисининг сони йилига ўртача 83 миллион кишига кўпайиб бормоқда. БМТ башоратларига кўра, 2030 йилга бориб Ер юзи аҳолисининг сони 8,6 миллиард, 2050 йилда – 9,8 миллиард ва 2100 йилда -  11,2 миллиард кишига етади.

Аҳоли сонининг бу қадар жадал ўсиши дунёнинг турли минтақаларида одамларнинг ҳаёт кечириши билан боғлиқ ниҳоятда жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ер юзида XXI асрда ҳам камбағаллик ва қашшоқлик барҳам топгани йўқ, ишсизлик даражаси пасаймаяпти, меҳнат бозорида рақобатбардош бўлмаган аёллар, ёшлар ва ногиронларнинг тирикчилик ўтказиш учун иш топиши қийин кечмоқда.

Ана шу муаммоларни чуқур таҳлил этиш, турли мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга ёрдам кўрсатиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси – ЮНФПА таъсис этилган. ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда очилган эди. Ушбу ташкилот ўзининг мамлакатимиздаги шериклари, биринчи навбатда Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўзининг тўртинчи - 2016-2020 йилларга мўлжалланган дастурини амалга оширмоқда. Ушбу дастурда репродуктив саломатлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳолишуносликка доир маълумотлардан ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларда фойдаланиш борасида тегишли давлат идораларининг салоҳиятини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолишунослик соҳасидаги фаолиятида ҳар бир мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилишга эришиш асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Чунки аҳолининг сони ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш режаларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

Шунинг учун БМТ 2015 йил 10 июнда “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилиб, халқаро ҳамжамиятга аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишга қатъий даъват этган. Ўзбекистонда ҳам Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги Фармони билан 2022 йилда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси тасдиқланди.

Маълумки, Ўзбекистонда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган эди. Шундан кейинги даврда аҳоли сони, унинг ёш ва жинс таркиби,  ҳудудлар бўйича жойлашувига тубдан таъсир кўрсатган жиддий ўзгаришлар юз берди. Мамлакатимизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишнинг ўтказилиши яқин ўн йилликлар учун ишончли истиқбол режаларини ишлаб чиқишга мустаҳкам асос яратади. Шу билан бирга олинган маълумотлар ҳудудларни ривожлантириш, жамият эҳтиёж сезаётган,  асосланган муҳим қарорларни қабул қилишга ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда урбанизация даражаси паст эканлигини, уни 2030 йилга қадар 60 фоизга етказиш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириш вазифасини белгилаб берган. Хусусан, 2019 йилнинг ўзида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш  учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Бунда фақат пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарларгина эмас, энг аввало, ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкалар комплекс ривожлантирилади. Қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш дастурларидан босқичма-босқич шаҳар ва посёлкаларда кўп қаватли уйлар қуришга ўтилмоқда. Муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳам уй-жойларни қуриш дастурлари билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда 2022 йилга белгиланган ниҳоятда муҳим ижтимоий тадбирнинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳани ишлаб чиқишда халқаро стандартлар, БМТнинг тавсиялари ва аҳолини рўйҳатга олишни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича халқаро тажриба  ҳисобга олинган. Унда   аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, маълумотларни йиғиш ва сақлаш, аҳоли тўғрисидаги якуний маълумотларни кенг оммага тарқатиш жараёнининг  ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилган.

Э.ЭРНАЗАРОВ

Orqaga