Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш: Янги амалий, ташкилий ва ҳуқуқий ташаббуслар


Куни кеча, 30 июнда мамлакатимизда Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан турли ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази миллий, хорижий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” тўплами ўзбекча нашрининг тақдимотини ўтказди. 

Тақдимот доирасида, шунингдек, Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган брифинг ташкил этилди. Марказ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Бош прокуратура масъул шахслари одам савдосига қарши курашиш борасида ўз соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида журналистларга ахборот берди.

Сўнгра “Муҳаббат ила Соня” номли бадиий фильмнинг ёпиқ намойиши бўлди. Фильмнинг бош қаҳрамони ролини ижро этган ёш ҳинд киноюлдузи Мрунал Тхакур хоним қайд этганидек, илк бор май ойида Венада, энди эса Тошкентда намойиш этилган ушбу фильм ҳаётий воқеаларга асосланган бўлиб, унда Ҳиндистоннинг чекка қишлоқларидан бирида туғилган ва одам савдоси жабрдийдасига айланган қизнинг аччиқ тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. 

Энг муҳими, шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу Фармони айнан 30 июнда имзолангани замирида рамзий маъно бор. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш худди шу санада нишонланадиган Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан жаҳон жамоатчилигига йўллаган мурожаатида таъкидлаганидек, “Одам савдоси – дунёнинг барча минтақаларига дахлдор даҳшатли жиноятдир”. 

Ўзбекистон Президентининг Фармонида кейинги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилгани қайд этилган. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Бу ҳақда сўз борганда, юртимизда болалар меҳнатига барҳам берилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Натижада мамлакатимиз мажбурий меҳнат шаклларидан катталар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сезиларли даражада ривожланишга эришди. АҚШ Меҳнат вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрда эълон қилинган Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича йиллик хулосалари буни яққол тасдиқлайди. 

Ушбу ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан пахта теримига болалар мажбурий меҳнатини сафарбар этиш борасида сезиларли камайиш натижасида биринчи марта мўътадил тараққиётга эришилди.  АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини “болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати”дан чиқарди.

Шу ўринда АҚШ Давлат департаментининг одам савдоси ҳолати тўғрисидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 3-тоифали мамлакатлардан 2-тоифали мамлакатлар даражасига кўтарилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Маълумки, мамлакатимиз ижобий имижини халқаро майдонда фаол илгари суриш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу миллий манфаатларга, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ташаббусларини амалга оширишга хизмат қилувчи муҳим омил ҳисобланади. 

Ҳозирги вақтда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари, тегишли хорижий ноҳукумат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўзаро самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Бундан кўзланган мақсад, бир томондан, юртдошларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш бўлса, иккинчи томондан, халқаро майдонда давлатимиз имижини оширишдир. 

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялашга қаратилган шиддатли ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътиборга лойиқ. Бунда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани, айниқса, муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг Фармони бу борадаги ислоҳотларни тубдан янги босқичга кўтаришга қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан даставвал одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётганлиги очиқ танқид қилингани ғоят муҳимдир. 

Фармонда учта шундай салбий омил санаб ўтилган. Биринчи салбий омил – одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашиш учун ваколатли органларнинг ташаббускорлиги етарли бўлмаяпти. Бу борада ягона раҳбарлик остида зарур даражадаги идоралараро ҳамкорлиги мавжуд эмас.

Ростдан ҳам, бугун одам савдоси соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакллари ва услублари замон талабларига тўлиқ жавоб бермаяпти. Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси кейинги 2-3 йил ичида деярли ишламади. 

Шу муносабат билан мазкур идоралараро комиссия, Фармонга мувофиқ, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди. Миллий комиссиянинг асосий вазифалари қатъий ва аниқ белгилаб берилди.

Ушбу тизим фаолиятини такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мутлақо янги тузилма – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди. Бу янги институтнинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юкланмоқда.

Фармонда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар уйғунлаштирилмагани иккинчи салбий омил сифатида қайд этилган. Ушбу йўналишдаги ишларни яхшилаш мақсадида Миллий комиссиянинг расмий веб-сайти фаолияти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг ахборот-тарғибот ишлари ташкил этилади. Бунда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувларда давлат органлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши таъминланади.

Фармонда эътибор қаратилган учинчи салбий омил – қонунчилик базасининг халқаро стандартларга номувофиқлигидир. Бу, ўз навбатида, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга алоқадор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий асосларни тубдан такомиллаштириш зарурати долзарб аҳамиятга эгадир. Айни пайтда ушбу йўналишдаги қонунчилик асослари, бир томондан, миллий қонунлар, иккинчи томондан, Президент ва Ҳукумат қарорлари, учинчи томондан, соҳага оид 6 та асосий халқаро шартномадан иборат.  

Хусусан, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.

Президентимиз ушбу Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифасини кун тартибига қўйди. Шу муносабат билан тайёрланадиган қонун лойиҳасида, биринчидан, одам савдоси жабрдийдаларини халқаро стандартларга мувофиқ идентификация қилиш механизмини белгилаш, иккинчидан, одам савдоси жабрдийдаларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмини жорий этиш масалалари ўз аксини топади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Фармонга кўра, ушбу Кодекс болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормаси билан тўлдирилади.

Бунда, албатта, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талабларидан ҳам келиб чиқиш тақозо этилади. Чунки қарорда бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қоидалар белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган. Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи пайтида юртимиздаги ҳар бир раҳбар шу ҳақиқатни юракдан ҳис қилиши ва зиммасидаги улкан масъулиятни англаб меҳнат қилиши лозимлигини таъкидлади. 

“Шуни унутмайликки, кечаги услуб, қотиб қолган қарашлар билан олдимизга қўйган мақсадларга эришиб бўлмайди. Бугунги давр барчамиздан янгича фикрлашни, замон шиддатига мос ишлашни тақозо этади”, деди давлатимиз раҳбари. Бу ҳаққоний талаб одам савдосига ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича зиммамиздаги вазифалар ижросига ҳам бевосита тааллуқлидир.

Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази директори

Orqaga