Тенглик ва адолат тамойиллари устувор


 

1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг тасдиқланган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат саналади. У ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаши, тенглик ва ижтимоий адолат тамойиллари устуворлигини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида қайд этилганидек, «Демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият» ҳисобланади.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳам айнан мана шу олий қадрият, яъни инсон шаъни ва қадр-қиммати, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Зеро, инсон ҳуқуқлари бу — давлат томонидан бир ёки бир неча фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, уларни таъминлаш бўйича давлат ва шахс ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатлардир.

Юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тобора такомиллашиб бормоқда. Шунингдек, соҳада миллий манфаатларимизга мос келадиган хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик ўрнатилган.

Мамлакатимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари устунлиги конституциявий асосда мустаҳкамланган. Бугунги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, хусусан, БМТ томонидан бу борада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартномани ратификация қилиб, ўзининг халқаро мажбуриятларини мунтазам равишда бажариб келмоқда.

Юртимизда ушбу йўналишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ўрни алоҳида. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 октябрдаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказини тузиш тўғрисида»ги Фармони асосида ташкил этилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Президент фармонлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Миллий марказнинг асосий мақсади — устувор вазифаларни ҳар томонлама ҳал этиш йўли билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий фаолият дастурини, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя этишнинг кўп жиҳатли тизимини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Шунингдек, Миллий марказ фаолияти шу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва инсон ҳуқуқларини суд йўли билан ҳимоя қилиш, ноҳукумат ҳуқуқни ҳимоя этиш ташкилотлари фаолиятларининг самарали шаклларини ривожлантириш, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш, таълимнинг кўп мақсадли тизимини ташкил этиш, ижро ҳокимияти доирасидаги вазирликлар, қўмиталар, идоралар ва муассасаларни соҳага доир фаолиятини мувофиқлаштиришни ҳам кўзда тутади.

Марказнинг халқаро ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги ҳам белгиланган. Шу асосда Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви билан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида қатор қўшма тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Миллий, этник ҳамда диний тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлар билан ўзаро ҳамкорлиги» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар вакиллари қаторида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан фуқаролар йиғинларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Зеро, кучли фуқаролик жамияти барпо этишда фуқаролар йиғинлари кўмагига таяниб иш кўриш энг мақбул йўлдир.

 Луқмонжон ИСОҚОВ, 

Инсон ҳуқуқлари бўйича 

Ўзбекистон Республикаси 

Миллий маркази ходими


Манба: http://www.mahallagzt.uz/uz/manaviyat/528-tenglik-va-adolat-tamojillari-ustuvor




Orqaga