“ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ” сифат жиҳатидан – янги ва шиддатли, кўлам жиҳатидан – кенг ва қамровли, халқимиз манфаатларини таъминлаш бўйича самарадор ҳамда тизимли ислоҳотлар сари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ушбу стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилади”[1].

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририятида айни мавзуга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатини бошқарган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, шунингдек, анжуман иштирокчилари “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳасини муҳокама қилиш асносида ушбу ғоятда муҳим дастурий ҳужжатнинг туб мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

А.САИДОВ: Авваламбор, давлатимиз раҳбари томонидан “Ҳаракатлар стратегияси”нинг лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинганидан кўзланган асосий мақсад – давлат аҳамиятига молик долзарб масалаларни комплекс равишда таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик қатламлари, экспертлар шарҳи, фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўрганишдан иборат эканини таъкидлаш лозим. 


Жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши муҳим аҳамиятга эга. “Ҳаракатлар стратегияси”ни қабул қилишдан олдин бутун Ўзбекистон халқининг қизиқишлари тўла инобатга олинишини таъминлаш учун аҳоли ўртасида кенг муҳокамалар ташкил этилаётгани ҳам айни шу устувор мақсадга, яъни доимий равишда халқ билан мулоқот қилишга қаратилгандир.

“Ҳаракатлар стратегияси”, ўз моҳият эътиборига кўра, дунёда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги замонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий соҳалар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бешта устувор йўналишда аниқ муддатга мўлжалланган том маънодаги миллий стратегия ҳисобланади. У беш босқичда, келгуси беш йилда юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

Ушбу ҳужжат 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ҳамда 2010 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов тақдим этган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”[2]да белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасидаги демократик янгиланиш ҳамда модернизация жараёнларининг мантиқий ва қонуний, изчил ва узвий давомидир. Айни пайтда бу муҳим стратегия давлатимиз ва жамиятимизни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб бермоқда.

Бу бежиз эмас. Нега деганда, Президент Ш.М.Мирзиёев Асосий Қонунимизнинг Истиқлол арафасида ишлаб чиқилиши ва мустақилликнинг илк йилларида қабул қилиниши даврида ҳам, Концепцияни тайёрлаш ва унда белгиланган энг муҳим вазифаларни ҳаётга чуқур татбиқ этиш  жараёнларида ҳам Йўлбошчимизнинг ёнида туриб, таъбир жоиз бўлса, елкама-елка бирга ишлаган, давлат сиёсатини юритиш бобида юксак маҳорат мактабини ўтаган.

Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу ҳақда шундай деди: “Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда. Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди”[3].

Аслида, Конституциямизни истисно этганда, стратегик аҳамиятга эга ўта муҳим ҳужжат лойиҳаси илк бор жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу тадбир Ўзбекистон тарихида бундай даражадаги биринчи мулоқот ва муҳокама ҳисобланади. Буларнинг барчаси янги ғоя ва шиддатли ислоҳотлар, янгича ташаббуслар, реал ҳаракатлар ва амалий ишларни жадал рўёбга чиқариш даврида яшаётганимизнинг ўзига хос инъикосидир.

Дарвоқе, буни жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этаётган халқаро ва хорижий экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Стефан Приснер: “Биз ушбу стратегиянинг деталларини кўриб чиқишимиз керак, чунки бу БМТ тизими учун янгиликдир. Давлатнинг 5 устувор йўналишини батафсил ўрганиб, уни мамлакат билан ҳамкорликни янада яхшилашда қўллашимиз мумкин бўлади. Мен уларнинг барчаси муҳим ва таҳсинга сазовор деб ҳисоблайман”[4], деб таъкидлади.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан илгари сурилган “Ҳаракатлар стратегияси”даги “кўпгина жиҳатлар БМТнинг янги белгиланган барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг” эканини қайд этди. Унинг фикрича, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг оммавий дебатлар учун очиқлиги яна бир муҳим жиҳат ҳисобланади”[5]. “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бошқа халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, хорижий давлатлар элчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашмоқда.

Ғулом МИРЗАЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист: Ҳақиқатан ҳам, “Ҳаракатлар стратегияси”, ўз моҳиятига кўра, давлат ва жамият ривожининг принципиал жиҳатдан янги босқичида мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишларни нафақат янада изчил давом эттириш, балки бу борадаги ислоҳотларга бемисл шиддат ва рағбат бағишлашга қаратилган. Бу стратегик ҳужжат юртимизда юз бераётган ўзгаришларга тамомила янгича нигоҳ билан қараш, эришилган муваффақиятларни янада чуқурроқ англаб етишнинг ўзига хос юксак мезони, демакдир.

Мазкур “Ҳаракатлар стратегияси” Ўзбекистон тараққиёти йўлида халқимиз амалга ошираётган ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан – янги ва жўшқин, кўлам жиҳатидан – кенг ва қамровдор, халқимиз манфаатларини таъминлаш бўйича юксак натижадорлиги нуқтаи назаридан эса беқиёс даражада баракали босқичини бошлаб бермоқда.

Бунга биргина мисол: бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида халқ билан мулоқот самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президентнинг, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг Виртуал қабулхоналари, жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилганлиги халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмини яратмоқда.

А.САИДОВ: Мамлакатимизда мустақиллик йилларида жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган туб ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида юксак аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги ислоҳотларни, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, барча соҳаларни либераллаштириш, мамлакатимизни модернизациялаш жараёнларини чуқурлаштириш жамият тараққиётини юксалтиришнинг муҳим омилидир.

Ана шундай устувор вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” номли биринчи устувор йўналишида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш масаласи биринчи ўринда турибди. Мисол учун, “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси билан бирга жамоатчилик муҳокамасига қўйилган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури лойиҳасида бу йўналишдаги аниқ вазифалар қайд этилган бўлиб, 2017 йилда айни соҳада 5 та қонун, 5 та қарор ва битта дастур қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Дастур лойиҳасида кўзда тутилганидек, жорий йилда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўналишида – 7 та қонун, 3 та фармон, 7 та қарор ва 4 та дастур; жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш йўналишида эса 6 та қонун, битта фармон, битта қарор ва 2 та дастур ишлаб чиқилади. Эътибор қилган бўлсангиз, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг биргина устувор йўналиши бўйича шу йилнинг ўзида 18 та қонун лойиҳасини тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Хусусан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши давлат органларига юклатилган вазифа ва ваколатларни бажариш самарадорлигининг ошиши, улар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини яхшилаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Шунингдек, бу фуқароларнинг мурожаатларини, уларда кўтарилган муаммоларни жойида ҳал этишда давлат органлари раҳбарлари томонидан қай даражада муносабат билдирилиши устидан самарали ва таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш имконини беради.

Ҳозирги кунда элликдан ортиқ қонунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари белгиланган. Бу борада ҳуқуқий муносабатларнинг тобора чуқурлашаётгани ушбу йўналишдаги қонунчиликни ҳам янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳасида бу масала, умуман, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар ўз аксини топгани алоҳида диққатга лойиқдир.

Бинобарин, мамлакатимизда «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг изчиллик билан амалга татбиқ этилиши натижасида давлат ташкилотларининг айрим ваколатлари босқичма-босқич нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ўтмоқда. Бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги фаоллиги ошмоқда, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш услублари такомиллашмоқда.

Яна бир мисол, лойиҳадаги янги ташаббус – қонун ҳужжатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат бошқаруви органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини олайлик. Бунда бўлажак Жамоатчилик кенгашлари ушбу органлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши назарда тутилмоқда. Натижада давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро самарали ҳамкорлиги таъминланади.

Модомики, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш мақсад қилинган экан, бу соҳада қонун ижодкорларининг ўзлари ҳам ҳар томонлама фидойилик кўрсатиб ишлашлари талаб этилади.

Бунда қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда тубдан ошириш лозим. Қолаверса, сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ҳамда жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш даркор.

Шодиқул ҲАМРОЕВ, “Куч-адолатда” газетаси бош муҳаррири:Ҳаракатлар стратегияси”нинг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” номли иккинчи устувор йўналиши ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлган масалаларни ўзида қамрайди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш; маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш; жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш; суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш; юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш соҳаларига доир ана шу долзарб вазифаларнинг ўз вақтида, тўлақонли, юксак самарадорлик билан бажарилиши бугунги кунимиз ва истиқболимиз учун ниҳоятда зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат. Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакатимизнинг демократик қадриятлар тарафдори эканининг ёрқин ифодасидир.

“Ҳаракатлар стратегияси”да суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процесси томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини хар томонлама татбиқ этиш, шунингдек, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича муайян амалий чора-тадбирлар белгилангани жуда муҳим. Зеро, мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

“Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалар асосида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналишидаги ҳуқуқий ечимини топиши зарур бўлган қатор муҳим ва долзарб масалалар бўйича қонунлар қабул қилиниши, уларнинг зарур ижро механизмлари, аниқ дастур ва тизимлар жорий этилиши аҳолининг давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга ишончини янада оширади. Шунинг баробарида, бу дадил қадам ҳокимият тизимида судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлайди ва одил судлов даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишимизга бевосита хизмат қилади.

Эркин ЭРНАЗАРОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист: “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш вазифаси қўйилган. Бу ҳақда сўз борганда, кейинги даврда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, биз учун жуда ўткир  муаммо – меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини оширишда энг муҳим соҳага айланган тадбиркорлик секторини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган, ҳали мисли кўрилмаган чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этила бошланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Давлатимиз раҳбари тижорат банкларининг бош вазифаси – бундан кейин  иш услубларини тубдан ўзгартириб, тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишлари, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, уларга молиявий мадад бериш билан бирга, халқимизни ишбилармонликка ўргатишлари лозимлигини уқтирди. Мамлакатимиз тижорат банклари ва уларнинг филиаллари бугунги кунда ўзларининг бевосита вазифаси бўлмиш ушбу ишга киришиб кетган – молиячилар хонадонма-хонадон юриб, фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли  кредит олишни таклиф қилмоқда. Кечагина ана шу кредитни оламан деб минг бир чиғириқдан ўтиши керак бўлган, неча ўнлаб идоралар остонасида сарғайган ташаббускор юртдошларимизнинг бугунги кундаги мамнунлигини таърифлашга сўз топиш мушкул.

Айни чоғда, юртимизда тадбиркорлик кенг қулоч ёзиши учун жуда муҳим бўлган бу дадил қадамни эътироф этган ҳолда, жойларда кўпчилик одамлар ана шу кредитдан қандай фойдаланиш борасида иккиланиб қолаётганига ҳам эътибор қаратиш жоиз. Яъни, иқтисодчилар тили билан айтганда, уларнинг бизнес-режаси йўқ. Президентимиз кўрсатиб ўтганидек, аҳолининг оммавий тадбиркорлик саводхонлигини йўлга қўйиш талаб қилинмоқда.

Бу ўринда Хитой тажрибасига мурожаат қилиш фойдадан холи эмас. Ушбу давлатда кенг кўламли ислоҳотларга киришилар экан, қишлоқ аҳолиси учун махсус телерадио мактаблари ташкил этилди. Ҳозирги вақтда бутун мамлакат миқёсида битта марказий,  39 та ҳудудий, 353 та округ, 2200 та уезд ва қишлоқлар миқёсида 10 мингтага яқин қуйи, яъни қишлоқ телерадио мактаблари фаолият юритмоқда.

Мазкур мактаблардаги машғулотларни олиб боришга энг нуфузли мутахассислар, шу жумладан ривожланган мамлакатлар олимлари жалб қилинган. Улар фермерлар, шахсий томорқасига, чорва молларига эга деҳқонларни сиртдан, пухта ишлаб чиқилган махсус дастурлар асосида касбий тайёрлайди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигига энг янги технологияларни жорий этиш бўйича қимматли маслаҳатлар бериб боради.         Бундай турдаги масофадан туриб ўқиш катта маблағ талаб қилмаслиги, барча ҳудудларда амалга оширилиши мумкинлиги, янада муҳими – кўп сонли аҳолига хизмат қилиши ва тез орада яхши самара бериши туфайли ушбу усулнинг қўлланишидан давлат ҳам, аҳоли ҳам манфаатдор бўлмоқда.

Фикримизча, “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлар уюшмаси, бошқа манфаатдор идора ва муассасалар иштирокида мамлакатимиз ва чет эл мутахассисларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон телевидениеси орқали тадбиркорлар ва фермерлар учун сиртқи мактаб ташкил этиш масаласи ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқдир. Бу, ўз навбатида, юртимизда ўз бизнесини ташкил этишга жазм қилган ва фермер бўлиш иштиёқида юрган фуқаролар учун айни муддао бўлар эди.

Шунингдек, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг тегишли устувор йўналишига мамлакатимизда ички туризмни жадал ривожлантириш вазифасини ҳам киритишни таклиф қиламиз. Нега деганда, бугунги кунда жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ички туризм сайёҳлик соҳасида тобора салмоқли ўрин эгалламоқда. Ички туризмни жадал ривожлантириш учун муайян шарт-шароитлар яратилиши ва имтиёзлар берилиши лозим. Жумладан, поезд ва автобусларда ташкилий равишда бошқа шаҳарларга боришда туризм соҳасида кенг оммалашган ”чартер” тамойилидан фойдаланиш, демакки йўл ҳақини арзонлаштириш, сайёҳларга бошқа қулайликлар яратиш, бундай саёҳатларни ташкил этаётган агентликларга имтиёзлар бериш имконияти топилиши мумкин.

Яна бир таклиф: “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳасига илғор хорижий тажриба асосида Ўзбекистонда ҳам касб-ҳунар коллежларида “Дуаль тизими”ни амалда жорий этиш, улардаги ўқув дастурларига тубдан ўзгартириш киритилиши лозим. Бу қадам миллий иқтисодиётимиз учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилган бўлар эди.

Маълумки, “Дуаль тизими”га асос солинган Германиядаги кичик мутахассислар тайёрланадиган билим юртларида ўқув дастури иш берувчиларнинг буюртмаси асосида ва уларнинг бевосита иштирокида тузилади. Бу билим юртлари ўқувчилари ҳафтанинг 1-2-кунлари таълим муассасасида умумий ва назарий билимларни эгаллаб, 3-4-кунлари эса келажакда ўзлари ишлашни режа қилган корхонада амалиёт машғулотлари билан шуғулланади. Албатта, бу амалиётлар касб малакаси ва педагоглик маҳорат даражаси бўйича Савдо-саноат ёки Ҳунармандлар палаталари сертификатларини олган корхона мутахассислари – йўриқчи-устозлар томонидан амалга оширилади. Германиянинг компания ва фирмалари “Дуаль тизимидаги таълимга ҳар бир ўқувчи ҳисобига 15 минг евро инвестиция киритади. Бу маблағнинг деярли ярми, яъни 46 фоизи талабаларга стипендия сифатида сарфланади.

Шуҳрат НОМОЗБОЕВ, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти масъул ходими:Ҳаракатлар стратегияси”нинг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари” номли учинчи устувор йўналиши Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган эзгу даъватини ҳаётимизга том маънода татбиқ этишга қаратилган, десак, айни ҳақиқатдир. Чунки мазкур устувор йўналиш шу мақсад ижобатини таъминлайдиган олтита йирик йўналишни ўз таркибига олган.

Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш; таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диферсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш; қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш; иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг истиқболли ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусуий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш; вилоятлар, туманлар ва шаҳарларни комплекс ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан самарали ва мақбул фойдаланиш; туризм соҳасини ривожлантириш соҳалари шулар сирасига киради.

Айни пайтда бу йўналишларнинг ҳар бири яна ўнлаб ғоятда муҳим вазифаларни ўзида қамрайди. Энг муҳими, “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси аҳоли, хусусан, жамиятимизнинг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ҳамда илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида тайёрлангани ана шу йўналиш ва вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда туб аҳамиятини теран таҳлил этиш асносида ўзининг янада яққол тасдиғини топади.

Луқмонжон ИСОҚОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси 1-босқич тингловчиси: “Ҳаракатлар стратегияси”нинг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” номли тўртинчи устувор йўналишига аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириш; аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш; арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш; таълим ва фан соҳасини ривожлантириш; ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш соҳаларига мансуб кўплаб ҳаётий зарур масалалар киритилгани ниҳоятда аҳамиятлидир.

Маълумки, Конституциямизнинг 28-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Яъни, фуқароларимиз мамлакатнинг у ёки бу ҳудудига эркин кўчиб юриши, истиқомат қилиши ёки шунчаки саёҳат қилиши мумкин.

Ана шундай сафарлар ёки бошқа ҳудудда меҳмон бўлиб турган вақт давомида тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баъзан ортиқча тиббий қоғозбозликлар ва молиявий харажатларни талаб этади. Хусусан, беморнинг касаллик варақаси ёки беморлик тарихи тўғрисидаги тиббий картанинг ёнида йўқлиги, ўз навбатида, умумий ташхисни қайта ўташи, айрим тиббиёт муолажаларини такроран амалга оширишини тақозо қиладики, бу муайян ноқулайликларни юзага келтиради. Айрим ҳолларда, ҳатто беморнинг касаллик тарихини етарлича билмасдан туриб, таъбир жоиз бўлса, таваккалига даволашлар оғир оқибатларни ҳам келтириб чиқаради.

Шундай муаммоларнинг олдини олиш юзасидан бир таклиф киритмоқчимиз. Яъни, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали касаллик варақаларининг электрон шаклини яратиб, мамлакатимиздаги барча фуқаролар тиббий карталарининг ягона марказлаштирилган маълумотлар базаси яратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Чунки ҳозирги кунда “булут” технологияси (Cloud) тобора ривожланиб бормоқда. Масалан, шу негизда “Электрон тиббиёт” тизимини яратиш мумкин. Бунинг учун, албатта, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш, “Электрон тиббиёт” тизими бўйича зарур норматив ҳужжатларни  қабул қилиш, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Ўзмединфо” маркази фаолиятини такомиллаштириш тақозо этилади.

Халқаро ташкилотларнинг молиявий кўмаги асосида ушбу тизим яратилса, фикримизча, қуйидаги натижаларга эришилади. Яъни, биринчидан, “Электрон тиббиёт” тизимини жорий этиш беморлар ва шифокорларнинг вақтини тежайди; иккинчидан, “Электрон тиббиёт” тизими тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширади ва даволаш тизимини янада такомиллаштиради; учинчидан, бу тизим инсон омили билан боғлиқ турли салбий ҳолатлар, хусусан, шифокорнинг ўз вазифасини суиистеъмол қилиши, тўрачилик ҳамда коррупциянинг олдини олишга муайян ҳисса қўшади; тўртинчидан, тиббиёт муассасаларида иш ҳажми нисбатан камайишига эришиш орқали давлат молиявий маблағлари тежалади.

Отабек ЖЎРАЕВ, Миллий марказ масъул ходими: Мен, ўз навбатида, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” номли бешинчи устувор йўналишига доир фикрларимни билдирмоқчиман.

Албатта, давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида юртимизнинг нуфузини ошириш йўлида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш миллий тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, парламентнинг халқаро муносабатларини кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигига ҳисса қўшиш, шунингдек, “Халқаро шартномалар тўғрисида”, “Давлат дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонунлар ва Консуллик уставини такомиллаштириш масалалари “Ҳаракатлар стратегияси”га киритилганлиги алоҳида эътиборга сазовордир.

Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш ва амалда жорий этишни олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири, деб ҳисоблаймиз. Биз ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни давлатлар, шу билан бирга, халқаро институтлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишни бугунги кун талаблари даражасида ташкил этамиз”.

А.САИДОВ: Хулоса қилиб айтганда, “Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиши халқ билан мулоқотнинг яна бир ёрқин амалий тасдиғидир. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ҳаракат стратегияси” лойиҳасини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишлаб ташкил этган медиа-ҳафталикда бу эътироф кўп бор янграмоқда.

Ҳафталик Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган медиа-майдонда бўлиб ўтмоқда. Маълумки, ушбу майдон ўтган даврда мустақил ҳамда давлат оммавий ахборот воситалари, экспертларнинг самарали мулоқот минбарига айланди.

Айни чоғда, мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ушбу дастурий ҳужжатнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда давлат органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолат, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро, фуқаролараро тотувлик қарор топишига йўналтирилгани билан боғлиқ устувор мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб этишлари лозим.

Шу мақсадда мутахассислар билан суҳбат ва мулоқотлар, шарҳлар, таҳлилий мақолалар эълон қилиб бориш, “Ҳаракатлар стратегияси: моҳияти ва аҳамияти”, “Ҳаракатлар стратегияси – халқ билан мулоқот тимсоли”, “Ҳаракатлар стратегияси – амалда” каби янги рукнлар ташкил этиш даркор. Бинобарин, айнан шундай амалий-ижодий фаолият орқали юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ҳамда халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг туб мағзини ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимизнинг онгу шуурига чуқур сингдириш биз учун ҳал қилувчи вазифадир.

 

Давра суҳбатини Ғулом Мирзо ва Бобомурод Райимов ёзиб олди.

манба: “Куч-адолатда” газетаси

[1] Ш.М.Мирзиёев. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови / Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали  маросимдаги маърузаси // Халқ сўзи, 2016 йил 8 декабрь.

[2] Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. – Т.: “Ўзбекистон”, 2010.

[3] Ш.М.Мирзиёев. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови / Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали  маросимдаги маърузаси // Халқ сўзи, 2016 йил 8 декабрь.

[4] Стефан Приснер: “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси БМТ тизими учун янгиликдир” // http://kun.uz/ 23 Январь 2017.

[5] ЮНЕСКО вакили: "Ҳаракатлар стратегиясининг оммавий дебатлар учун очиқлиги – муҳим жиҳат" // http://kun.uz/ 23 Январь 2017.

 


Orqaga