Ислом Каримов ва Конституция


Замонавий Ўзбекистоннинг тарихи – бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Буюк Йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам асосий муаллифи эдилар[1].

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Ислом Каримов ва Конституция

 

Одатда, ҳар бир давлат ўзининг Конституциясига ва шу асосда ўз конституциявий тузумига эга бўлади. Қадимги Римдаёқ “Император Конституцияси” деб юритилувчи қонун амал қилган. Соҳибқирон Амир Темурга мансуб “Темур тузуклари” эса Шарқ цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. Амир Темур тузуклари фиқҳ қоидалари билан бир қаторда, Осиё қитъаси, хусусан, Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилишининг мураккаб ва муҳим ҳамда тарихий солномасига назар солинса, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари мантиқий натижаси эканига комил ишонч ҳосил қилиш мумкин. Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган.

Мустақил Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрлик орзусини мужассам этган. Шуни таъкидлаш жоизки, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларига доир 30 дан ортиқ халқаро шартнома, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг нормалари синчиклаб ўрганилган.

Шу ўринда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш ва қабул қилиш йўлидаги 12 та ҳуқуқий қадамни бу борадаги энг муҳим тарихий воқеалар сифатида санаб ўтиш лозим. Зотан, Конституцияни яратиш тарихи – бу мустақиллик учун, конституциявий суверенитет учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир. Мен ўша даврда ҳукуматнинг Тил муаммоларини ўрганиш ишчи гуруҳи аъзоси сифатида И.А.Каримовнинг 1989 йил 23 июнда республиканинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаши билан бевосита боғлиқ ушбу тарихий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси бўлганман.

1989 йил 24 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди. Қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар кейинчалик Мустақиллик Қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида қуйидагича мустаҳкамланди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам – Президентлик институти таъсис этилиши билан боғлиқ. Юртимиз ҳаётидаги бу ғоят муҳим тарихий воқеа 1990 йилнинг 24 мартида юз берди. Ўшанда, яъни Мустақиллигимиз эълон қилинишидан анча олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Советининг биринчи сессиясида Ўзбекистон Президенти лавозимини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ушбу сессияда И.А.Каримов Ўзбекистоннинг биринчи Президенти этиб сайланди.

Бинобарин, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди. Собиқ иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда Президентлик лавозими таъсис этилгани бунинг яққол тасдиғидир. Президентлик институтининг жорий этилиши Юртбошимиз томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллигига эришиш йўлида қўйилган нафақат тарихий қадам, балки чинакам сиёсий ва маънавий жасорат намунасидир.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам Конституциявий назорат комиссиясининг ташкил этилишидир. Президентлик институтини жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган сессияда тасдиқланган Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳасида Конституцион назорат комитетининг тузилиши ҳам назарда тутилган эди. Бунда депутатлар томонидан ушбу олий давлат органининг Президентлик ҳокимиятини мувозанатга келтириб турувчи ўзига хос ҳуқуқий восита вазифасини бажаришига алоҳида урғу берилди. Шу тариқа бугун амалда бўлган яна бир конституциявий институт – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига истиқлол арафасидаёқ асос солинди.

 Конституциявий мустақиллик йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам – Давлат рамзларининг қабул қилиниши бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини яратишда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ўрни каттадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, Президент лавозимининг таъсис этилиши, давлат номининг эълон қилиниши, расмий давлат рамзлари — давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг қабул қилиниши, ўз валютаси, пойтахти, тили, ҳудуди, фуқаролиги, умумхалқ байрамларига эга бўлиш дунё харитасида янги давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигининг ифодасидир.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам – “Мустақиллик  декларациясининг эълон қилинишидир. Ўзбекистон Олий Совети томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган “Мустақиллик декларацияси”нинг 8-бандида Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди”, деган қоида мустаҳкамланган. Декларациянинг 12-бандида эса ушбу ҳужжат республиканинг янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос бўлиши қайд этилган. Ўшанда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги олтинчи ҳуқуқий қадам – Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши билан боғлиқдир. Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Биринчи Президентимиз И.А.Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва  Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Биринчи Президентимиз буюк давлат ва жамоат арбоби, истеъдодли сиёсий етакчи сифатида намоён бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу ҳақда шундай деди: “Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда. Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий Қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди”[2].

Конституциявий мустақиллик йўлидаги еттинчи ҳуқуқий қадам – Президентимизнинг Ҳиндистонга 1991 йилги расмий ташрифи билан чамбарчас боғлиқ. Юртбошимизнинг хорижга биринчи мустақил – тарихий ташрифи пайтида, яъни 1991 йил 19 август куни ўзини “Давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси”, яъни ГКЧП деб атаган бир гуруҳ сиёсий авантюристларнинг давлат тўнтаришини содир этишга қаратилган мурожаати эълон қилинди. Афсуски, Ўзбекистон раҳбарининг сафарда эканидан фойдаланиб, ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлар юртимизда ҳам топилди. Тарих буни яхши эслайди.

Яқин ўтмишнинг бу воқеаларини эслаш ва эслатишдан мақсад эса янги Конституциямизни яратиш йўлидаги курашлар мустақиллик учун курашнинг узвий, ажралмас қисми эканлигини эътироф этишдан иборат. Зеро, биз ўз истиқлолимизни қандай қийинчиликлар билан, қандай синов ва суронли курашлар билан қўлга киритган бўлсак, Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш йўлида ҳам худди шундай мураккаб синовларни бошдан кечирдик. 

Конституциявий мустақиллик йўлидаги саккизинчи ҳуқуқий қадам – Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир. Биринчи Президентимизнинг 1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқи, айниқса, ўша нутқдаги: “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган сўзлари Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан мангуга ёзилган.

Худди ўша куни Олий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Баёнот қабул қилди. Баёнотда таъкидландики, “Бундан буён Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика Конституцияси ва қонунлари шак-шубҳасиз устун деб эътироф этилади”. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги тўққизинчи ҳуқуқий қадам – 1991 йил 29 декабрдаги биринчи умумхалқ Президент сайлови ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдумнинг ўтказилишига тааллуқли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдум 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтди. Халқ давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва муқобил сайловлар асосида Президентни сайлади.

1992 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ана шу сайлов ва референдум якунларига бағишланган тўққизинчи сессияси очилди. Ушбу сессияда И.А.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришиш тантанали маросими бўлди ҳамда Ўзбекистоннинг ўша пайтда амалда бўлган Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Маҳаллий ҳокимият органларини қайта тузиш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги ўнинчи ҳуқуқий қадам – биринчи Конституция лойиҳасининг илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун  эълон қилинишидир. Конституциявий комиссия 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Ушбу йиғилишда лойиҳани маромига етказиш ва таҳрир қилиш учун ишчи гуруҳ тузилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди.

Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар 1992 йилнинг сентябрь ойи охиридан декабрь ойи бошларигача фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди ҳамда Ўзбекистонда демократия ривожининг самарали ва амалий мактаби бўлди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги ўн биринчи ҳуқуқий қадам – Конституция лойиҳасининг иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир. Конституция лойиҳаси ўтказилган муҳокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди. Сўнгра, 1992 йил 21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда чоп этилди.

Шундай қилиб, ҳуқуқий прецедент – икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат, бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий Қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳаси кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги ўн иккинчи ҳуқуқий қадам – Конституциянинг қабул қилинишидир.

Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Биринчи Президентимиз сессияда Конституцияни “халқчил қомус” деб атаб, унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойтилганини, сайқал топганини таъкидлади.

Бинобарин, Биринчи Президентимиз Конституция лойиҳасини биринчи маротаба эълон қилингунча тўрт марта, кейинги эълон қилингунича икки марта, ҳужжатни сессияга киритишдан олдин қалам билан яна бир марта таҳрир қилди. Юртбошимиз киритган аниқликлар, тузатишлар ва қўшимчаларнинг ҳаммаси жуда муҳим эди.

Хусусан, И.А.Каримов Конституция лойиҳасини аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, давлатнинг маданий ёдгорликлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиши ҳақидаги моддалар билан тўлдиришни таклиф қилди. Биринчи Президентимиз, айниқса, Конституциянинг инсон ва фуқаролар эркинликлари ва бурчларини қонуний мустаҳкамловчи моддаларига катта эътибор қаратди. Шу тариқа Конституция лойиҳаси Йўлбошчимиз томонидан етти марта текшириб чиқилганидан кейингина сўнгги муҳокама учун депутатларга тақдим этилди.

Биринчи Президентимиз Конституциявий комиссия раиси сифатида сессияда маъруза қилди. Ушбу маърузада мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясидаги кўплаб муҳим нормалар, жумладан, “Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ бўлиб, давлат халқнинг иродасини ифодалайди, унинг манфаатларига хизмат қилади”, “Давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъулдирлар”, шунингдек, “Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деган мазмундаги қоидалар чуқур шарҳлаб берилди.

Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси аввалги барча совет конституцияларидан буткул фарқ қиладиган, том маънода янги Конституция бўлиб, жаҳоннинг ривожланган давлатларида қарор топган демократик конституциялар принципларига асосланган. Асосий Қонунимиз бевосита изчил демократик эканлиги, ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти тамойилларига содиқлиги туфайли янги конституциявий тузумга ўтиш даврининг мураккаб шароитларида конституциявий қонунчилик ва ҳуқуқий майдон доирасида туб демократик ўзгаришларни ўтказишни таъминлаган асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Айни чоғда, мамлакатимизни кенг миқёсда демократик янгилаш ва эркинлаштириш йўлида биз қўйган изчил қадамлар ҳамда эришган марралар, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги дунё, шунингдек, ўз олдимиздаги буюк мақсадимиз – истиқболда ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, ўз навбатида, ўтказилаётган ислоҳотларни янада кучайтириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида олдимизга улкан вазифаларни қўяётганини ўзимизга аниқ-равшан тасаввур этамиз.

Шу маънода, кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамасининг, умуман, ижро этувчи органларнинг масъулиятини, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш юзасидан мамлакатимизда изчил конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди. Бу жараёнлар тадрижий равишда давом этади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тараққиётнинг “ўзбек модели” учун ҳуқуқий пойдевордир.

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Конституция нормалари давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг юридик мезонларини белгилаб бермоқда. Шу маънода, Конституциямиз давлат сиёсий ва ҳуқуқий ҳаётининг кўзгусидир. Амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар “конституциявий кўзгу”да акс этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнлари, шунингдек, Асосий Қонунимизнинг 25 йилдан буён амалда намоён этаётган серқирра самаралари, чиндан ҳам, Биринчи Президентимиз И.А. Каримовнинг “Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” бўлганлиги, у “халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини” акс эттириши, унинг “халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули” экани ҳақидаги ҳикматли хулосалари ғоятда тўғри ва асосли эканини яққол тасдиқлайди.

Конституция – халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғи. Зотан, айнан Асосий Қонунимиз суверен давлатимизнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди. Бугун, вақт ўтиши билан, ҳаётнинг ўзи, мамлакатимиз эришаётган юксак марралар Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган, халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган қоида ва принципларнинг нақадар тўғри эканини исботлаб бермоқда.

 

Акмал Саидов,

юридик фанлар доктори,

профессор

манба:  ЎзА

[1] Халқ сўзи, 2016 йил 9 сентябрь.

[2] Ш.М.Мирзиёев. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови // Халқ сўзи, 2016 йил 8 декабрь.


Orqaga