Маҳалла тизими – аҳолига энг яқин ва халқчил тузилма


Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмаяпти». Шу маънода, изчил ислоҳотларнинг ҳозирги шиддатли босқичида маҳаллаларни янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш давр тақозосидир. 

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Васийлик Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида шу ҳақда сўз борди. Йиғилишда Шавкат Жавлонов «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси этиб тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Абдулла Арипов бугунги ҳаётимизда маҳалланинг тутган ўрни ва аҳамияти ҳамда ушбу тизим олдида турган долзарб вазифалар ҳақида атрофлича тўхталди.

Биринчидан, жорий йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани  маҳаллалар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Президентимиз таъкидлаганидек, маҳаллаларнинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, «адолат тарозиси»га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Маълумки, чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, 2017-2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар ҳар бир маҳалла кесимида ишлаб чиқилди. Ушбу дастурларнинг жойларда тўлақонли бажарилиши маҳаллаларнинг ҳар томонлама обод ва фаровон бўлишини таъминлайди. 

Шу билан бирга, юртимизда 50 та маҳалла ҳалигача ўз биносига эга эмас. Ҳозир битта маҳаллада 4 нафар ходим ва 8 нафар маслаҳатчи фаолият олиб бормоқда. Қишлоқ фуқаролар йиғинларининг энг йириклари ўзида 7 та маҳалла фуқаролар йиғинини мужассам этса, энг кичик қишлоқ фуқаролар йиғини таркибида 2 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Аммо, ҳар икки ҳолатда иш ҳажмлари ўртасидаги фарқ катта эканига қарамасдан, уларда ойлик иш ҳақлари бир хил тўланмоқда. Жойларда маҳалла фаоллари, ҳаттоки маҳалла раиси ҳам жамоатчилик асосида, яъни ойлик маошсиз ишлаётган ҳоллар мавжуд. 

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, қисқа фурсатда «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳуқуқий мақоми бўйича ҳужжат, шунингдек, “Маҳалла” Дастурини ишлаб чиқишни тақозо этади. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармаларининг ходимлар штатларини кўпайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жамиятимиз ҳаётида уларнинг ўрни ва мавқеини янада ошириш бўйича қўшимча зарур чоралар кўрилади», деган кўрсатмалари дастуриламал бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, жамиятимиз ҳаётида маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора юксалиб бораётганини инобатга олиб, тизимда ишлайдиган раҳбарлар ва ходимлар малакасини ошириш ишларини янада яхшилаш керак. 
Бу ўринда кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги фуқаролар йиғинларининг раислари, масъул котиблари, йиғинларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси раҳбарларининг ўқув-семинарларини ташкил этиш яхши анъанага айланганини қайд этиш лозим. Бундай муҳим маърифий машғулотлар қарийб 40 минг нафар маҳалла фаолларини қамраб олмоқда. 

Айни чоғда, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида бу каби ўқувларнинг тури ва сифатини, ташкилий савияси ва самарадорлигини янги даражаларга юксалтириш зарур. Мисол учун, Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 10 октябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда ўқув курслари ташкил қилинган. Лекин, фуқаролардан тушаётган аризалардан маълум бўлмоқдаки, вилоят марказларидаги бундай ўқув курсларига узоқ туманлардан жалб этиладиган маҳалла фаолларининг сафар харажатлари  шу кунга қадар ҳал этилмаган. 

Бу, ўз навбатида, Молия вазирлиги билан “Маҳалла” фонди зиммасига мазкур масалага зудлик билан ижобий ечим топиш масъулиятини юклайди. Шу билан бирга, “Маҳалла зиёси” ўқув марказининг фаолият доирасини кенгайтириш, бу ерда тайёрланадиган ўқув-услубий қўлланмалар ва тарғибот материаллари ҳамда ўқув дастурларининг сифат-савиясини тубдан ошириш зарур. 

Учинчидан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жойларда профилактик тадбирларни ташкил этишда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда фаол қатнашаётган инсонларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Чиндан ҳам, бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, «оммавий маданият» деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Аксинча, бундай кескин ва таҳликали шароитда ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада ошириши даркор. Мамлакатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, «Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим».

Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ёшларнинг оиладаги хулқ-атворидан тортиб, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги таълим-тарбияни ҳам қамраб олган ҳолда, изчил жамоатчилик назоратини амалга ошириши шарт. Шу мақсадда маҳалла фаолларининг ота-оналар билан, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, ўқитувчи ва мураббийлар билан узвий ҳамкорликда иш олиб бориш орқали баркамол авлод тарбиясида фаол иштирок этиши тақозо қилинади.

Бунинг учун, албатта, «Оила-маҳалла-таълим муассасаси» дастурини янада такомиллаштириш, «Ота-оналар университетлари» ишини реал, яъни том маънода ҳаётий кучга айлантириш, уларнинг ёшлар тарбиясида тутган устувор аҳамиятига урғу бериш, шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарур. Уюшган ёшлар, яъни ишлайдиган фарзандларимиз ва мактаб, коллеж ҳамда лицей ўқувчилари ўртасидаги маънавий-маърифий ишларни тубдан яхшилаш талаб этилади. 

Айниқса, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, демакки вақтинча ишсизлар ва якка тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик билан машғул ёшларимиз билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиш даркор. Бу жараёнларда, Президентимиз урғу берганидек, «ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак».

Маҳаллалар ҳудудида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш учун маҳалла имкониятларидан кенг фойдаланиш, профилактика инспекторларининг иш самараси ва масъулиятини ошириш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитини яратиб бериш чораларини кўриш керак, албатта. Шу ўринда ҳокимликлар тизимига ёшлар масалалари бўйича масъул ҳоким ўринбосари лавозимлари киритилгани, бундай лавозим ички ишлар органлари тизимида ҳам мавжуд экани айни муддаодир. 

Бугунги давр яқин орада маҳалла тизимида, умуман, барча йирик нодавлат нотижорат ташкилотларида ҳам ёшлар, хотин-қизлар масалалари билан алоҳида шуғулланадиган штат бирликлари жорий этилишини, уларнинг иши ўзаро тизимли асосда йўлга қўйилишини, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлар яқин ижтимоий ҳамкорликда иш олиб бориши заруратини кун тартибига қўймоқда. Бундай қадамлар, ҳеч шубҳасиз, давлатимиз раҳбари айни йўналишда белгилаб берган мақсадларга тўлақонли эришишимизда муҳим омил бўлади.

Тўртинчидан, маҳаллаларнинг жамиятимизда маънавий-ахлоқий қадриятларни, аввало, инсонпарварлик, бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва аҳиллик фазилатларини қарор топтириш, баркамол ёш авлодни тарбиялаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида қўшаётган беқиёс ҳиссасини эътироф этган ҳолда, бу борадаги ишларни янги поғоналарга кўтариш давр талаби эканини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Мисол учун, ҳозирги вақтда мамлакатимизда оилавий ажримлар бўйича салбий кўрсаткичлар маҳаллалардаги «Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар» ҳамда «Яраштириш комиссиялари» томонидан бу борада амалга оширилаётган ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда. 

Шундай экан, бу комиссиялар, жумладан, миллий қадриятларимизга зид ҳолда мунтазам равишда нотинч яшаётган, қўни-қўшничилик муносабатлари ҳамда маҳалладаги осойишталикнинг бузилишига сабабчи бўлаётган оилаларни, турли ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида оилаларнинг турмуш тарзи ва муҳитини ўрганиб, маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам бериш чораларини тубдан кучайтиришлари керак бўлади. 

Маҳаллалар хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялаш ишидаги мавқеини ошириш ишларига ўз муносиб улушини қўшиши лозим. Айниқса, қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳларнинг, оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш каби вазифаларни ҳал қилишда биз кўпни кўрган, тажрибали маҳалла фаолларига таянамиз.

Бешинчидан, Ўзбекистонда аҳолини, айниқса, унинг ёрдамга муҳтож қисмини маҳалла орқали ижтимоий ҳимоя қилишнинг ноёб амалиёти тобора такомиллашиб бораяпти. Кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар, ногирон ва етимларни моддий қўллаб-қувватлаш маҳалла орқали аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг хайрли ишлари фуқаролар уйларини таъмирлаш, кам таъминланган оилаларга қорамоллар ажратиш, уларнинг фарзандлари учун ёзги дам олишни ташкил этиш, тўйларини ўтказишда ҳам намоён бўлмоқда. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 7 январда, Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувидаги мулоқотда келтирилган бир рақам кишини ташвишга солмасдан қўймайди. Қайд этилишича, “Ўтган йили 5925 фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 41 миллиард 300 миллион сўмга яқин нафақа ва моддий ёрдам пули ноқонуний тўланган”. 

Афсуски, бу ҳол аввало маҳалла тизимида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган бюджет маблағларини нотўғри сарфлаш ва талон-торож қилиш ҳолатлари мавжуд эканидан далолат беради. Иккинчи томондан, ушбу салбий ҳолат фуқаролар йиғини раиси номзодига қўйиладиган талабларни янада кучайтиришга доир миллий қонунчилигимизга киритилган нормалар амалда нечоғлик ишлаётганини жиддий тафтиш этиш ва янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Гап шундаки, 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунда фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари этиб энг муносиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ва аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган фуқароларнинг сайланишини таъминлаш мақсадида бу лавозимга номзодларга қўйиладиган қўшимча талаблар белгиланган. 
Масалан, номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги; фуқаролар йиғини раиси вазифасига номзоднинг камида беш йиллик ўтроқлик цензи; давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ёхуд хўжалик ва тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги иш тажрибасига эга бўлиши; юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиши шулар жумласидандир.

Қонуннинг ана шу қатъий талаблари асосида 2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида сайланган 9 минг 764 нафар оқсоқолнинг 67 фоизи янги, яъни биринчи марта сайланди. Демак, янги сайланган оқсоқоллар ўз ишига ҳалол ёндашадими ёки аксинчами, каби саволларга ҳам чуқур таҳлилий жавобларни аниқлаштириш керак бўлади. 

Айни чоғда, охирги сайловларда мамлакатда фуқаролар йиғинлари раислари этиб сайланганлар орасида олий маълумотли шахслар 56,1 фоизни ташкил этган бўлса, сайланган 105 минг 471 нафар маслаҳатчининг 44,6 фоизи олий маълумотга эгадир. Бунда асосан маҳалла раисларининг 25,1 фоизи – педагоглар, 22,5 фоизи – муҳандислар, 14,3 фоизи – иқтисодчилар, атиги 6,3 фоизи – ҳуқуқшунослардан иборат экани кузатилди. 

Демак, бир томондан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига оғишмай риоя этиш, иккинчи томондан, ана шу ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри талқин ва тарғиб қилиш нуқтаи назаридан, келгуси сайловларда ҳуқуқшунос кадрларни бу лавозимларга кўпроқ илгари суришни мавжуд воқеликнинг ўзи талаб этмоқда. Бунда, шунингдек, фуқаролар йиғинлари қошида бепул юридик хизматлар ташкил этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Васийлик Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида муҳокама қилинган танқдий-таҳлилий масалалар ҳақида яна узоқ тўхталиш мумкин. Айни чоғда, бу танқиддан, умуман, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад – мустақиллик йиллари мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантириш йўлида босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар самараларини сўзсиз эътироф этиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ҳаётимизни обод қилишнинг муҳим шарти – бу аввало маҳаллани обод қилиш” деган ғоясига таянган ҳолда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимини янада такомиллаштириш масаласига эътибор қаратишдан иборат бўлди.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда биз, илгаригидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, эркин ва холис оммавий ахборот воситалари фаол ўрин эгаллайди, деб ишонамиз”.

Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди
Васийлик Кенгашининг аъзоси,
юридик фанлар доктори, профессор

Orqaga