Жамиятда адолат барқарорлигини таъминлаш йўлида


Давлатимиз раҳбари шу йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувда таъкидлаганидек, “1992 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига айлантирилган”.  Бундан буён ушбу сана мамлакатимиз прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади

 Президентимиз таъбири билан айтганда, “Мустабид тузум даврида одамлар прокуратура органлари ходимларини фақат қораловчи, жазоловчи тизим вакиллари сифатида биларди. Биз ушбу соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида қайта ташкил қилишда ижобий натижаларга эришмоқдамиз. Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур”.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани муносабати билан прокуратура органлари зиммасига айниқса алоҳида масъулият юкланди. Хусусан, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилмоқда. Яъни, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.

Мурожаат қилиш ҳуқуқи инсоннинг ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларидан биридир. Шунинг учун уни амалга оширишни таъминлаш давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг биринчи даражали вазифаси ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ Конституциямизнинг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган: “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

Мазкур соҳадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида муҳрланган тамойилларни амалга оширишга қаратилган қонунлар орасида, биринчи навбатда, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки мансабдор шахсларнинг қонунга зид ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан фуқароларнинг шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кўзда тутган “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда фуқароларнинг прокуратура органларига мурожаат қилиш тартибини белгилайдиган “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунни кўрсатиш лозим. 

Модомики, Биринчи Президентимизнинг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида”ги фармонида прокуратурани аввало қонунларнинг қатъий ижро этилишини, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг изчил ривожланишини, инсон ҳуқуқларини таъминлайдиган органга айлантириш саъй-ҳаракатларига устувор эътибор қаратилган бўлса, 2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун асосида прокуратуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги масъулияти янада кучайтирилди.

“Прокуратура тўғрисида”ги Қонун 7-моддаси 1-бандига мувофиқ, прокуратура органларида уларнинг ваколатларига кўра, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилади, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари кўрилади. 

Шу билан бирга, 2016 йили ташкил қилинган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қисқа вақтда фуқаролардан 311 минг мурожаат келиб тушгани ва ушбу мурожаатлар орасида прокуратура соҳасига тегишлилари талайгина экани, чиндан ҳам, ачинарли ҳолдир. Бинобарин, Президентимиз куйиниб гапирганидек, “Агар прокуратура органларининг эшиги аҳоли учун очиқ бўлганида, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу қадар кўп мурожаат тушмас эди”.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрда имзоланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида бу борада бир қатор муҳим янгиликлар кўзда тутилган. 

“Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур”, деб уқтирди давлат бошлиғи. Айни вақтда “Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт”.

Шу ўринда истиқлол йилларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан прокуратура органлари ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилганини қайд этиш зарур. 

Бундан ташқари, Олий суд ҳузурида Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ва Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурада инсон ҳуқуқлари бўйича бўлинмалар ва бошқармалар самарали иш олиб бормоқда.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари масалаларига доир қонунчилик ҳужжаталарини тайёрлашда, уларни эксперт баҳолашда ва улар юзасидан тавсиялар ва мулоҳазаларни тайёрлашда фаол иштирок этмоқда. Ушбу фаолиятда ташқи ишлар, адлия, ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси каби давлат ташкилотлари Марказнинг етакчи шериклари ҳисобланади. 

Марказ Одам савдосига қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро ишчи  гуруҳи ишида фаол иштирок этмоқда.
Айни чоғда, Президентимиз айтганидек, “эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак”. 
Шу муносабат билан мулоқот чоғида келтирилган бир рақам кишини ташвишга солмасдан қўймайди. Қайд этилишича, “Ўтган йили 5925 фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 41 миллиард 300 миллион сўмга яқин нафақа ва моддий ёрдам пули ноқонуний тўланган”. 

Афсуски, бу ҳол аввало маҳалла тизимида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган бюджет маблағларини нотўғри сарфлаш ва талон-торож қилиш ҳолатлари мавжуд эканидан далолат беради. Иккинчи томондан, ушбу салбий ҳолат фуқаролар йиғини раиси номзодига қўйиладиган талабларни янада кучайтиришга доир миллий қонунчилигимизга киритилган нормалар амалда нечоғлик ишлаётганини жиддий тафтиш этиш ва янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Гап шундаки, 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунда фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари этиб энг муносиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ва аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган фуқароларнинг сайланишини таъминлаш мақсадида бу лавозимга номзодларга қўйиладиган қўшимча талаблар белгиланган. 

Масалан, номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги; фуқаролар йиғини раиси вазифасига номзоднинг камида беш йиллик ўтроқлик цензи; давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ёхуд хўжалик ва тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги иш тажрибасига эга бўлиши; юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиши шулар жумласидандир.

Қонуннинг ана шу қатъий талаблари асосида 2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида сайланган 9 минг 764 нафар оқсоқолнинг 67 фоизи янги, яъни биринчи марта сайланди. Демак, янги сайланган оқсоқоллар ўз ишига ҳалол ёндашадими ёки аксинчами, каби саволларга ҳам чуқур таҳлилий жавобларни аниқлаштириш керак бўлади. 

Айни чоғда, охирги сайловларда мамлакатда фуқаролар йиғинлари раислари этиб сайланганлар орасида олий маълумотли шахслар 56,1 фоизни ташкил этган бўлса, сайланган 105 минг 471 нафар маслаҳатчининг 44,6 фоизи олий маълумотга эгадир. Бунда асосан маҳалла раисларининг 25,1 фоизи – педагоглар, 22,5 фоизи – муҳандислар, 14,3 фоизи – иқтисодчилар, атиги 6,3 фоизи – ҳуқуқшунослардан иборат экани кузатилди. 

Демак, бир томондан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига оғишмай риоя этиш, иккинчи томондан, ана шу ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри талқин ва тарғиб қилиш нуқтаи назаридан, маҳалланинг келгуси сайловларида ҳуқуқшунос кадрларни бу лавозимларга кўпроқ илгари суришни мавжуд воқеликнинг ўзи талаб этмоқда. Бунда, шунингдек, фуқаролар йиғинлари қошида бепул юридик хизматлар ташкил этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шунинг баробарида, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва прокуратура органлари масъуллари манфаатдор давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш устида ҳам изчил иш олиб бориши тақозо этилади. Бунда, албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлардан бири прокуратура органлари экани муҳим аҳамиятга эгадир.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактикасини таъминлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда прокуратура органлари ходимларининг касб байрами куни белгилангани, ҳеч шубҳасиз, прокуратура органлари ходимларини ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришлари йўлида юксак маънавий рағбат бўлади.

Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази директори,
юридик фанлар доктори, профессор

Orqaga