Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси – устувор вазифа


Давлатимиз раҳбари шу йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувда таъкидлаганидек, “1992 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига айлантирилган”. Бундан буён ушбу сана мамлакатимиз прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Мустабид тузум даврида одамлар прокуратура органлари ходимларини фақат қораловчи, жазоловчи тизим вакиллари сифатида биларди. Биз ушбу соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида қайта ташкил қилишда ижобий натижаларга эришмоқдамиз. Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур”.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани муносабати билан прокуратура органлари зиммасига айниқса алоҳида масъулият юкланди. Хусусан, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилмоқда. Яъни, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.

Мурожаат қилиш ҳуқуқи инсоннинг ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларидан биридир. Шунинг учун уни амалга оширишни таъминлаш давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг биринчи даражали вазифаси ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ Конституциямизнинг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган: “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

Мазкур соҳадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида муҳрланган тамойилларни амалга оширишга қаратилган қонунлар орасида, биринчи навбатда, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки мансабдор шахсларнинг қонунга зид ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан фуқароларнинг шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кўзда тутган “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда фуқароларнинг прокуратура органларига мурожаат қилиш тартибини белгилайдиган “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунни кўрсатиш лозим. 

Модомики, Биринчи Президентимизнинг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида”ги фармонида прокуратурани аввало қонунларнинг қатъий ижро этилишини, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг изчил ривожланишини, инсон ҳуқуқларини таъминлайдиган органга айлантириш саъй-ҳаракатларига устувор эътибор қаратилган бўлса, 2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун асосида прокуратуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги масъулияти янада кучайтирилди.

“Прокуратура тўғрисида”ги Қонун 7-моддаси 1-бандига мувофиқ, прокуратура органларида уларнинг ваколатларига кўра, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилади, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари кўрилади. 

Шу билан бирга, 2016 йили ташкил қилинган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қисқа вақтда фуқаролардан 311 минг мурожаат келиб тушгани ва ушбу мурожаатлар орасида прокуратура соҳасига тегишлилари талайгина экани, чиндан ҳам, ачинарли ҳолдир. Бинобарин, Президентимиз куйиниб гапирганидек, “Агар прокуратура органларининг эшиги аҳоли учун очиқ бўлганида, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу қадар кўп мурожаат тушмас эди”.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрда имзоланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида бу борада бир қатор муҳим янгиликлар кўзда тутилган. 

“Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур”, деб уқтирди давлат бошлиғи. Айни вақтда “Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт”.

Бу, албатта, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга даъват демакдир. Зеро, инсон ҳуқуқлари – олий конституциявий қадрият бўлиб, ҳуқуқий давлат ва адолат тушунчалари ўзаро узвий боғлиқ. 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 13-моддасида “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият” эканлиги мустаҳкамланган. Шу асосда мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими яратилди.

Биринчидан, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилди. Истиқлол йилларида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир 11 та конституциявий қонун, 16 та кодекс ва 700 дан ортиқ қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Фарзандларимизнинг биргина билим олиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган улуғвор ишларга мухтасар назар солайлик. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий таълим ва тарбия тизими давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг муваффақиятли жорий этилиши натижасида мамлакатда ноёб узлуксиз таълим тизими барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур тизимнинг илк бўғини ҳисобланадиган мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган. Қарорда белгилаб берилган вазифалар ижросининг кутилаётган самаралари бутун таълим-тарбия тизимининг асосий мақсади  бўлмиш баркамол авлодни тарбиялашга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини шакллантириш мақсадида ўтган даврда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими шакллантирилди. 

Шу ўринда истиқлол йилларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан прокуратура органлари ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилганини қайд этиш зарур. 

Бундан ташқари, Олий суд ҳузурида Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ва Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурада инсон ҳуқуқлари бўйича бўлинмалар ва бошқармалар самарали иш олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари яна бир янги институт – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Парламентимиз бу йўналишда қизғин иш олиб бормоқда.

Учинчидан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим ва маърифий ишлар тизими шакллантирилди. Бугун юртимизда ҳуқуқ ҳимояси мавзуида йигирмадан зиёд ихтисослаштирилган журнал ва газеталар чоп этилмоқда. Барча мактаб, коллеж ва лицейларда, олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ўрганилмоқда. Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилди.

Тўртинчидан, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, суднинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий чора-тадбирлар туфайли бу соҳа инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этадиган мустақил давлат институтига айланди. Айни вақтда юртимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга оид ҳуқуқий асослар яратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи белгилаб берилди. Мазкур Фармон, авваламбор, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатдир.

Бешинчидан, мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган. Жумладан, Ўзбекистон БМТнинг ўнта асосий ҳужжатини ратификация қилган. Айниқса, истиқлолнинг илк йилларидаёқ инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқлангани ғоят муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини изчил ва қатъий бажариб келмоқда, бу масалалар бўйича БМТнинг тегишли шартномавий органларига доимий равишда ўзининг миллий ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда давлат идоралари, шужумладан прокуратура органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва бевосита фуқаролар иштирок этмоқда.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари масалаларига доир қонунчилик ҳужжаталарини тшлаб чиқишда, уларни эксперт баҳолашда ва улар юзасидан тавсиялар ва мулоҳазаларни тайёрлашда фаол қатнашиб келмоқда. Ушбу фаолиятда ташқи ишлар, адлия, ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси каби давлат ташкилотлари Марказнинг етакчи шериклари ҳисобланади. 

Марказ Одам савдосига қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро ишчи  гуруҳи ишида фаол иштирок этмоқда.

Айни чоғда, Президентимиз айтганидек, “эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак”. 

Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази директори,
юридик фанлар доктори, профессор
манба: “Маърифат” газетаси

Orqaga