15.02.2019

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни фаоллаштиришда Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ролини кучайтириш

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни фаоллаштиришда Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ролини кучайтириш

2019 йилнинг 15 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказида ташкилот қошидаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгашнинг “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни фаоллаштиришда Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ролини кучайтириш” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ҳамда Россия ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро алоқалар институти (университети) томонидан ташкил этилди. 

Мажлисдан кўзланган мақсад – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигининг асосий йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш Низомининг янги таҳрири ва 2019 йилги иш режасини тасдиқлашдан иборат. 

Mark.JPG

Тадбирда Россия халқаро ҳуқуқ ассоциацияси вице-президенти, ю.ф.д., профессор Энтин Марк Львович “Инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг Европа тизими ютуқ ва камчиликлари” мавзусидаги маърузаси билан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Акмал Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. 

IMG_2198 - sayt.JPG

ИМК мажлисида эътироф этилишича, инсон эҳтиёжлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳуқуқ тилига кўчиришга хизмат қилувчи ҳуқуқий фан мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий тараққиётига оид муаммоларга ечим топиш мақсадида, амалиёт билан ҳамнафаслик, ўтиш даврида пайдо бўладиган реал зиддиятларни аниқлаш ва ўрганиш даражасини ошириш кўникмаларига эга бўлди. 

IMG_2221 - sayt.JPG

Ҳуқуқий фаннинг суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ўтказиш, давлатнинг жиноий ишлар борасидаги сиёсатини либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш, инсоннинг яшаш ва шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқларини ҳимоялашнинг назарий-амалий асосларини ишлаб чиқиш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомала турларидан ҳимоя, ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқларни кучайтириш, ўлим жазосининг бекор қилиниши ва “Хабеас корпус” институтининг, одам савдоси ҳамда болалар мажбурий меҳнатига қарши курашнинг ҳуқуқий концепцияси жорий этилишидаги аҳамияти беқиёс. 

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари борасидаги 70 халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга қўшилгани, халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва жамоатчилик онгига имплементацияси механизмларини яратиш зарурати Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мавзусига оид ҳуқуқий тадқиқотларни кенгайтириш ва ривожлантириш учун қўшимча туртки бўлди. 

IMG_2191 - saytga.JPG

Юридик фанлар соҳасида инсон ҳуқуқлари масалалари борасидаги илмий тадқиқотларнинг керакли даражада мувофиқлаштирилишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатларини кучайтиришга йўналтирилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий таъминоти масалалари юзасидан назариётчи-ҳуқуқшунослар ва амалиётчилар ўртасидаги ҳамкорлик муҳитини таъминлаш мақсадида, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 2010 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотлар бўйича Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилган бўлиб, ушбу Кенгаш инсон ҳуқуқларига оид илмий тадқиқотларни фаоллаштиришга қаратилган қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда. 

ИМК йиғилишида илмий ва таълим муассасаларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимояси давлат тизими амалиётчи ходимлари билан ҳамкорлик даражасини ошириш, мазкур фаолиятнинг инсон ҳуқуқларига бағишланган диссертацион тадқиқотларни тайёрлаш, муҳокама ва ҳимоя қилишдаги координациясини кучайтириш лозимлиги қайд этилди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида қўйилган вазифалар қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятлари органлари фаолиятида инсон ҳуқуқлари таъминланишининг назарий ва амалий аспектларини ишлаб чиқишга йўналтирилган юқори сифатли ва долзарб илмий тадқиқотларга эҳтиёж мавжудлигидан далолат беради. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида замон талабига жавоб берувчи фан ва узлуксиз таълим тизимини такомиллаштиришни давом этиш лозимлиги алоҳида таъкидланган. Бунда энг муҳим масала – илмий салоҳиятни ошириш, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, шунингдек, давлат бошқаруви органларида стратегик таҳлил ва прогнозлашга оид тузилмаларни шакллантиришдан иборат. 

Йиғилиш иштирокчилари томонидан мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг миллий тизимини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишга йўналтирилган изчил чоралар алоҳида эътироф этилди. Сўнгги йилларда аҳоли ҳаётининг энг муҳим томонларини либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи қонунчилик асосини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чоралар амалга оширилди. 

Йиғилишда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш ва илмий тадқиқ этиш, ўрганишда инсон ҳуқуқлари масалаларига оид фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларнинг роли ва ўрни таҳлил этилди.

Orqaga