03.04.2019

“Инсон ҳуқуқлари маданияти ривожланишининг долзарб муаммолари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусидаги Ўзбекистон -Россия юридик форуми

2019 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Инсон ҳуқуқлари маданияти ривожланишининг долзарб муаммолари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусида Ўзбекистон-Россия юридик форуми бўлиб ўтди.

2019 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Инсон ҳуқуқлари маданияти ривожланишининг долзарб муаммолари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусида Ўзбекистон-Россия юридик форуми бўлиб ўтди. Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги  фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш томонидан ташкил этилди.  

Форумда  Россия Федерацияси Президентининг маслахатчиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги  фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг раиси Михаил Федотов бошчилигидаги Россия делегацияси иштирок этди.

Форум давомида иштирокчилар инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш бугунги кунда ҳуқуқий таълимни ва инсон ҳуқуқлари бўйича маърифатни чуқурлаштиришнинг асосий мақсади эканини ва давлат органларининг таълим сиёсати учун  ҳам  устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши давлат ва фуқаролик жамияти  фаолиятини мақсадли мухим йўналишларидан бири давлат сиёсатининг асоси бўлиб инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқаро-ҳуқуқий актлар  ва давлат томонидан мустахкамланган ҳуқуқларини билишларини талаб қилади.

Халқаро хамжамият 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини тадбиқ этилишига муҳим аҳамият берилиши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим  аниқ масала сифатида сифатли таълимнинг 4 мақсади доирасига киритилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена декларацияси ва Ҳаракат дастури, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тайёрлаш Декларацияси хар бир мамлакатга инсон ҳуқуқлари таълим сохасида Миллий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишни  кўриб чиқишни тавсия этади.

Кўпгина чет давлатлари каби Россияда ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари тузилиб Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш ва Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолият олиб боради.

Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш Россия Федерацияси Президентининг консультатив органларидан бири хисобланиб, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ўз конституциявий ваколатларини амалга оширишда давлат раҳбарига амалий ёрдам бериш, ушбу соҳадаги ҳолат тўғрисидаги Россия Федерацияси Президентини ҳабардор этиб бориш, фуқаролик жамияти институтларини ривожланишига кўмаклашиш, Кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат раҳбарига таклифлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. 

2011 йил май ойида Россия Президенти томонидан тасдиқланган Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий онгини ривожлантириш соҳасида Россия Федерацияси давлат сиёсатининг асосларини амалга оширишда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш фаол иштирок этади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги давлат идоралари, инсон ҳуқуқлари миллий институтлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан хамкорлиги харакатлари ўз натижасини бериб келмоқда, хусусан турли ҳил фуқаролар тоифалари бўйича тренинглар ўтказилмоқда ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар чоп этилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ҳуқуқ тизимни тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқукий маданиятни шакллантириш ва малакали юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида кенг кўламли ахборот-маърифий ишлар олиб борилмоқда. Юздан ортиқ халқаро шартномаларнинг ўзбек тилига таржимаси ва нашр этилиб келинмоқда.

Қонунчиликка мувофиқ Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўқитиш, тарғибот қилиш, ўқув материалларини нашр этиш бўйича давлат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат идораларига инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларининг турли жиҳатлари бўйича тадқиқотлар ўтказиш ва ташкил этиш бўйича вазифалар юклатилган. 

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурматли муносабатда бўлишни шакллантириш, аҳоолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг жамиятдаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатом муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, бугунги глобаллашув ва илмий-техникавий тараққиёт жараёнида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновцион усуллари, илғор ва самарали тарғибот воситаси, хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги ижобий тажрибаси тегишли даражада қўлланилмаяпти. 

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар билан уйғунлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси ва ушбу Концепцияни самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Ўзбекистон-Россия юридик форуми платформасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Меморандум инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро манфаатли хамкорликка, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро конвенциялар ва битимлар бўйича давлат мажбуриятларини бажаришда кўмаклашиш бўйича тажриба алмашиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ахборот ва адабиётларни алмашиш, уларни ҳимоя қилиш шакллари ва усулларини ўзаро мувофиқлашришга қаратилган.

Меморандумнинг асосий йўналишларидан бири маҳаллий, миллий ва минтақавий даражада инсон хуқуқлари соҳасидаги фаолият механизмларини такомиллаштириш мақсаидида биргаликда амалий ва илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, маърузалар ўтказиш, илмий-амалий анжумалар, семинарлар, тренинглар ташкил этишдан иборат.

Анжуман якунида Форум натижалари умумлаштирилди ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон ва Россия инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасида келгусидаги ҳамкорлик йўллари белгиланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Олий суд, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари иштирок этишди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази

Orqaga