08.08.2019

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни 

2019 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев кириш сўзлари билан очди.

Бугунги кунда одам савдоси ва мажбурий меҳнат дунёнинг барча мамлакатларини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан биридир. Ўзбекистонда ушбу иллатларга қарши курашиш учун БМТ ва ХМТнинг халқаро шартномалари ратификация қилинган бўлиб, уларга мувофиқ миллий қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ушбу жиноий ишларга қарши курашиш тизимини тубдан янги босқичда, янада жадал суръатларда олиб бориш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатдан жабрланганларнинг ватанга қайтиши ва реабилитация қилиниши учун давлатимиз томонидан уларга беғараз ёрдам кўрсатиб келинмоқда. 

Шу мақсадда Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази тузилган. Ушбу Марказ жабрланувчиларга ҳам психологик, ҳам юридик, ҳам тиббий томондан ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Анжуманда академик А.Саидовнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш – Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналиши” ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Нодира Кармованинг “Касаба уюшмаларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги тажрибаси” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Семинар доирасида ЕХҲТ техник кўмагида нашр этилган “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу қўлланманинг биринчи қисмида тақдим этилган етти дастуруламал принцип ЕХҲТ минтақасида қўлланиладиган халқаро нормалардан келиб чиққан бўлиб, ҳар бир принцип қисқа ва аниқ шаклда баён этилган.

Шунингдек, қўлланмада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларга одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасига доир тегишли тавсиялар берилган. 

Тўпламнинг иккинчи қисмида ушбу дастуруламал принциплар учун асос бўлган халқаро-ҳуқуқий нормалар ҳақида атрофлича тушунчалар ўз мужассамини топган.

Қўлланма одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилишни яхшилашга кўмаклашишга даъват этади. Шу боис ушбу нашр давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун зарур манба ҳисобланади. 

Тўплам жабрдийдаларни қайтариш масаласига қонунчилик ёки дастурий сиёсий ёндашувларни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган давлат тузилмалари учун ҳам фойдалидир.

IMG_0608.JPG

IMG_0604.JPG

IMG_0622.JPG

IMG_0623.JPG

IMG_0632.JPG

IMG_0644.JPG

IMG_0651.JPG

IMG_0656.JPG

IMG_0672.JPG

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг 
матбуот хизмати

Orqaga