Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган 30.10.2013

Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган

Видео. 2013 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Тошкентда “Мамлакатни модернизация қилиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Омбудсман институти, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамкорлигида БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Европа Иттифоқи лойиҳаси, Германиянинг Ф.Эберт ва К.Аденауэр номидаги жамғармалари кўмагида ташкил этилди. Тадбирда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Финляндия, Исландия, Хитой, Корея Республикасидан инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим, илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ходимлари қатнашди.

2013 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Тошкентда “Мамлакатни модернизация қилиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Омбудсман институти, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамкорлигида БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Европа Иттифоқи лойиҳаси, Германиянинг Ф.Эберт ва К.Аденауэр номидаги жамғармалари кўмагида ташкил этилди. Тадбирда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Финляндия, Исландия, Хитой, Корея Республикасидан инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим, илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ходимлари қатнашди.

Тадбир БМТ ташкил топган кун ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 65 йиллигига бағишланди. Анжуманнинг жаҳон миқёсидаги бошқа муҳим воқеалар – Вена декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳаракат дастури қабул қилингани, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимининг таъсис этилгани, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар “Париж принциплари” қабул қилинганининг йигирма йиллигига тўғри келгани рамзий маънога эга.

Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга асосий эътибор қаратилган ҳуқуқий майдон яратилгани таъкидланди. Мамлакатимиз Конституциясида умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги принциплари мустаҳкамланган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига риоя этиш ҳамда ҳимоя қилиш борасида зарур ташкилий-ҳуқуқий шароит ва кафолатларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Шу мақсадда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга доир улкан ишлар амалга оширилди. Мазкур тизим, чунончи, инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчилигимиз ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига босқичма-босқич имплементация қилиш бўйича ўз моделимизга асосланган.

Хорижий экспертлар Ўзбекистон шахс ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилишнинг қатор йўналишлари бўйича дунёнинг аксарият давлатларига намуна бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Масалан, 2008 йилнинг январидан бошлаб мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилингани халқаро ҳамжамиятнинг кенг эътирофига сазовор бўлди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётига “Хабеас корпус” демократик институтлари, Миранда Қоидаси, ярашув институти жорий этилди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш босқичма-босқич амалга оширилмоқда, суд-ҳуқуқ соҳасини янада эркинлаштиришга доир бошқа чоралар кўрилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида саккизта конституциявий қонун, 15 кодекс ва 600 дан зиёд қонун қўлланилмоқда, тегишли қонунчиликни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Масалан, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”, “Ҳомийлик тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида” (янги таҳрири), “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди. Бундан ташқари, БМТнинг тегишли қўмиталарига халқаро талабларга жавоб берадиган ҳисобот бериш тизими ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ Ўзбекистон халқаро мажбуриятлар бажарилгани ҳақидаги маърузаларни ўз вақтида тайёрлаб жўнатмоқда, сўнгра ушбу маърузаларни кўриб чиқиш натижасига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши тавсияларини бажаришга доир ҳаракат режасини ишлаб чиқмоқда. Ўтган вақт мобайнида фуқаролар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича ўттиздан ортиқ миллий маъруза тақдим этилган, ўнта миллий ҳаракат режаси қабул қилинган. Бу мамлакатимиз халқаро ҳамкорликни демократлаштириш ва жадал ривожлантириш соҳасида мавжуд ютуқларни янада мустаҳкамлаш сари изчил ҳаракат қилаётганидан далолат беради.

“Мазкур тадбир нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун ҳам муҳимдир, – деди Европа Иттифоқининг “Қонун устуворлиги бўйича Европа Иттифоқи-Марказий Осиё платформаси” лойиҳаси раҳбари Хавиер Барре. – Конференцияда шахс ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида меҳнат қилаётган таниқли халқаро экспертларнинг иштирок этгани тадбир юксак савияда ташкил этилганидан далолат беради. Ўзбекистондаги лойиҳамизнинг амалга оширилаётганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо, шунга қарамасдан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан самарали ҳамкорлик қилиб, яхши натижаларга эришмоқдамиз. Бугун маъмурий ҳуқуқни такомиллаштириш, жиноий одил судлов ва суд тизимида ислоҳотларни амалга ошириш каби йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама этдик. Ушбу конференция долзарб масалаларни кўриб чиқиш, барча иштирокчилар учун самарали ва фойдали бўладиган тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берди”.

Халқаро экспертлар ўз чиқишларида инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини қонунчиликка биноан ҳимоя қилиш борасидаги ролини юксак баҳолади.

“Учрашувимиз БМТ ташкил топган кунда бўлиб ўтаётгани рамзий маънога эга, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Стефан Приснер. – Ўзбекистонда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ҳамкорлигимизнинг 20 йиллиги ҳам муҳим воқеа ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатингиз, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳалардаги ютуқлари билан фахрланса арзийди. Ўзбекистон Президентининг инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги олий қадриятдир, деган сўзлари бугун амалда ўз тасдиғини топмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқмоқда, қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро нормалар ижроси устидан мониторинг олиб бормоқда. Бу институтлар умумий ишга ўз ҳиссасини қўшаётган ҳақиқий мустақил тузилмалардир”.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистон ижро ҳокимияти органлари тизимида, чунончи, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратурада инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш бўйича самарали механизм ишлаб чиқилгани муҳимлигини алоҳида қайд этди. Ушбу тузилмалар ҳузурида ҳудудларда таркибий бўлимларига эга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус бошқармалар фаолият кўрсатмоқда. Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ижтимоий шериклик асосида самарали ҳамкорлик қилаётган мазкур тузилмалар ижтимоий манфаатлар мувозанатини таъминлаш ҳамда сақлашга, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашмоқда.

“Учинчи сектор”, ўз навбатида, ижтимоий-иқтисодий дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, фуқароларнинг ижтимоий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятимизда маънавий-ахлоқий муҳит, бағрикенглик ҳамда динлараро тотувликни мустаҳкамлашда самарали иштирок этмоқда. Бугун фаолият кўрсатаётган 6,5 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ишлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол қатнашмоқда.

“Бизнинг мазкур халқаро конференцияда иштирок этганимиз Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик доирасидаги муҳим воқеадир, – деди Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти котибиятининг вакили, Пекин университети профессори Ло Яньхуа. – Ушбу форум нафақат инсон ҳуқуқлари бўйича тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, балки бу борада амалга оширилаётган фаолият ҳақида хабардорликни оширишга хизмат қилади. Зеро, фуқароларнинг юксак ҳуқуқий маданиятга эга бўлиши жамиятда инсон ҳуқуқларига риоя этилаётганининг асоси ҳисобланади. Ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ҳам иштирок этиши муҳимдир. Мамлакатингизда инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқаролар ва давлат ўртасидаги боғловчи бўғин бўлган ҳамда қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этаётган нодавлат ташкилотлар салоҳиятидан самарали фойдаланилмоқда. Ўзбекистоннинг икки ҳудудида эса кенг жамоатчилик иштирокида ҳуқуқий тажриба амалга оширилмоқда. Бу дунёнинг кўплаб мамлакатларига тасвия этиш мумкин бўлган ёндашувдир”.

Халқаро экспертларнинг фикрича, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим-тарбияни тубдан яхшилаш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онгини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларидан хабардорлигини оширишга қаратилган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш миллий тизимининг ташкил этилгани Ўзбекистонни демократик ривожлантиришнинг муҳим хусусиятларидан биридир. Бугунги кунда ушбу тизим таълим соҳасининг барча босқичларини, шунингдек, давлат хизматчилари малакасини оширишни қамраб олган. Узлуксиз ҳуқуқий таълимнинг пухта ўйланган услуб ва услубияти, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим билан шуғулланадиган махсус тузилмаларни (кафедралар) ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар, маълумотнома, тадқиқот ҳамда ўқув адабиётини чоп этишни кўзда тутувчи ахборот тизимини шакллантириш мазкур тизимнинг асосий принциплари сирасига киради.

Бунинг натижасида ўтган даврда жамоатчилик онги, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданият даражаси, ижтимоий-сиёсий фаоллиги сезиларли равишда юксалди. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни муваффақиятли давом этаётганидан далолат беради.

“Менимча, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва жамиятни модернизация қилишни уйғунлаштириш ғояси пухта ўйланган йўналишдир, – деди Финляндия Адлия вице-канцлери Микко Пуумалайнен. – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлиги принципини амалга ошириш демократик тараққиётнинг муҳим жиҳатлари ҳисобланади. Бундан ташқари, фуқаролар кундалик ҳаётда, иш жойида, истеъмолчи сифатида ва бошқа ҳолатларда қандай ҳуқуқларга эга эканини билиши жуда муҳим. Бу борада мамлакатингиз эришган ижобий тажрибани қайд этишни истардим. Негаки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича дарслар таълим жараёнининг барча босқичларини ўзида мужассам этган кадрлар тайёрлаш миллий тизимига киритилган”.

Анжуманда Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани таъкидланди. Ушбу дастурий ҳужжатдаги пухта ўйланган қонунчилик ташаббусларининг асосий мақсади давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштиришдир. Концепцияга мувофиқ Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат дастури, "Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида", "Ижтимоий шериклик тўғрисида”, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонунлар ва бошқа қатор қонунчилик ҳужжатларининг лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларнинг қабул қилиниши эса инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш борасида давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Венеция комиссияси Европа Иттифоқининг конституция қонунчилиги соҳасидаги маслаҳат органидир, – деди Венеция комиссияси эксперти, Европа ҳуқуқшунос аёллар ассоциацияси президенти Хердис Торгейрсдоттир. – Айни пайтгача комиссия Марказий ва Шарқий Европа давлатларига катта ёрдам кўрсатди. Комиссия Европа қитъасидан ташқарида ҳам фаолият кўрсатмоқда, 56 мамлакат комиссияга аъзо. Бугун Ўзбекистон билан учта асосий йўналиш, хусусан, демократлаштириш даражасини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ушбу ҳамкорлик очиқ баҳс-мунозара, муҳокамаларга асосланишини таъкидлашни истардим. Мазкур конференция бундай мулоқотларни янада жадаллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир”.

Анжуман қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистоннинг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари ва Инсоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактнинг асосий қоидаларини бажариш борасидаги ноёб тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ мамлакатимизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатишга доир самарали чоралар кўрилди, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ўз вақтида амалга оширилди. “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати муттасил ошаётгани харид қилиш қобилияти, иш ҳақи, пенсия ҳамда бошқа ижтимоий тўловларнинг ўсиш суръатига ижобий таъсир кўрсатаётир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг самара ва истиқболлари таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатимиз танлаган деморактик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини босқичма-босқич, тизимли барпо этиш, умуминсоний қадриятлар билан бирга миллий анъана ва қадриятларни ҳам асраб-авайлаш ва бойитишни кўзда тутадиган миллий давлатчиликни шакллантириш стратегияси юртимизда тинчлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашнинг муҳим омилидир.

Конференцияда замон талаблари эътиборга олинган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, қонунчилик, ижро ҳамда суд ҳокимияти органларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ролини ошириш зарурлиги қайд этилди.

ЎзА, Меҳрибон Маметова

Манба: http://uza.uz/oz/society/29252/

 

 


Orqaga