Ўзбекистон ва Хитой: Ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандум имзоланди 02.10.2013

Ўзбекистон ва Хитой: Ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандум имзоланди

Тарихи қадимий ва маданияти бой мамлакатлар бўлмиш Ўзбекистон ва Хитой халқларини 2000 йилдан ортиқ вақт мобайнида Буюк Ипак йўли бир-бирига боғлаб келган. Ҳозирги босқичда ҳар икки мамлакат ишонч, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланган фаол сиёсий мулоқот жараёнини бошдан кечирмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цэиньпиннинг шу йил сентябрь ойида Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг айнан мана шу уч тамойили Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан таъкидланди. Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация ҳамкорликнинг расмий ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.

Тарихи қадимий ва маданияти бой  мамлакатлар бўлмиш Ўзбекистон ва Хитой халқларини 2000 йилдан ортиқ вақт мобайнида Буюк Ипак йўли бир-бирига боғлаб келган. Ҳозирги босқичда ҳар икки мамлакат ишонч, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланган фаол сиёсий мулоқот жараёнини бошдан кечирмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цэиньпиннинг шу йил сентябрь ойида Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг айнан мана шу уч тамойили Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан таъкидланди. Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация ҳамкорликнинг расмий ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда Хитой  Ўзбекистоннинг иккинчи савдо ҳамкори ҳисобланади. Икки мамлакат ҳамкорлиги тарихига назар ташлаганда 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 83 лойиҳани амалга ошириш учун Хитойдан умумий суммаси 6,73 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ва кредитлар жалб этилганлигини қайд этиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил июнь ойида Хитойга расмий ташрифи ҳамкорликнинг муҳим босқичи бўлди. Ташриф давомида умумий суммаси 5,3 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги 45 та битим ва шартнома имзоланди.

Ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида бўлгани сингари Ўзбекистон ва ХХР ҳар икки мамлакат парламентлари ва ташқи сиёсий идоралари ўртасида, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаол ҳамкорлик қиладилар. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати билан  Бутунхитой Халқ Вакиллари Мажлисининг Доимий қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ўзаро ҳамкорлик доирасида икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасида 2004-2013 йилларда 10 марта сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида икки томонлама алоқаларга келганда эса, ушбу соҳадаги кўпчилик масалалар бўйича ҳар икки мамлакатнинг нуқтаи назари бир-бирига мос келишини таъкидлаш зарур.

Биринчидан, ҳар икки мамлакат уйғун камол топиш модели асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги масалани конституциявий даражада мустаҳкамлади.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Хитой инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни таъсис этиш ва ривожлантиришда сезиларли тараққиётга эришди.  Улардан Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти ва Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Хитой жамғармасини ҳамда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Омбудсманни қайд этиш мумкин.

Учинчидан, бизнинг мамлакатларимиз БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга жуда катта аҳамият бермоқда. Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ҳар икки мамлакат Ҳукуматлари томонидан фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорликда Мингйиллик ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларига эришишга йўналтирилган бир қанча чора-тадбирлар ва дастурлар қабул қилинди.

Тўртинчидан, Хитой томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий саъй-ҳаракатлар режалари қабул қилиниши ва имплементация қилиниши Вена Декларацияси қоидаларига ва Саъй-ҳаракатлар дастурига тўлиқ мувофиқ келади. Ўзбекистонда ҳам Инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий саъй-ҳаракатлар режаси қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Бешинчидан, Хитой ва Ўзбекистон кейинги ўн йилликларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида, шу жумладан, давлат хизматчиларини ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларини ўқитиш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрдилар ва ташаббус билан чиқдилар.

Олтинчидан, ҳар икки мамлакат БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши, шартномавий органлар билан фаол ҳамкорлик қилади,  шунингдек, Универсал даврий шарҳлар доирасида маърузалар тақдим этади.

2008 йилдан бошлаб ўтказиладиган инсон ҳуқуқлари бўйича барча Пекин Анжуманларида Ўзбекистон вакилларининг иштирок этиши мамлакатларимиз ўртасидаги инсон ҳуқуқлари соҳасида фаол ва изчил мулоқотнинг тасдиғи ҳисобланади. Шу йил сентябрь ойида Олтинчи Пекин Анжумани доирасида Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида Ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандум имзоланганлиги ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг юқори натижасидир. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Хитой томони  Инсон ҳуқуқлари соҳасида меморандумни имзолаган биринчи хорижий давлат бўлди.

Меморандум қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутади:

Биринчидан,  инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича қонун ҳужжатларини ва ахборот-таҳлилий материалларни айирбошлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш, давлат ҳокимияти органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш;

Иккинчидан,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қўшма тадбирлар (давра суҳбатлари, семинарлар, конференциялар) ўтказиш ва шу кабилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Пекин Анжуманлари ишида ҳар йили ўттиздан ортиқ мамлакатдан ва халқаро ташкилотлардан, БМТдан 100 дан ортиқ вакиллар ҳамда Хитойда аккредитация қилинган дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этишини қайд этиш зарур. Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш Хитой Жамғармаси Кенгаши раиси Хуан Мэнфунинг сўзларига кўра, анжуман ҳозирнинг ўзидаёқ инсон ҳуқуқларини ривожлантириш моделини излаш ва ушбу соҳада тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланди.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори

 

Манба: http://turkistonpress.uz/article/3836

 


Orqaga