28.05.2013

БМТ Бош котиби ёрдамчисининг учрашувлари

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси Иван Симонович раҳбарлигидаги делегация аъзолари 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Қодиров билан учрашувда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ва суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

БМТ Бош котиби ёрдамчисининг учрашувлари

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси Иван Симонович раҳбарлигидаги делегация аъзолари 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Қодиров билан учрашувда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ва суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши, “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши ва янада кенгайтирилиши, иқтисодий жиноятлар бўйича етказилган зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг тайинланиши борасида амалга оширилган ишлар БМТ делегацияси аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасида прокуратура органларининг фаолиятида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда уларга риоя этилишини таъминлашга устувор эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Прокуратура органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиши доирасида сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, жумладан, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти бўйича инсон ҳуқуқларининг муҳофазасига қаратилгандир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан мулоқот чоғида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани, мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими яратилгани алоҳида таъкидланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг узлуксиз тизими яратилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш тизими ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда. Мамлакатимиз БМТ конвенциявий органлари, шунингдек, ихтисослашган механизмлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари бўйича қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзбек тилида нашр этилди.

Учрашувда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва бошқа институтларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг самарали ишлаши учун зарур бошқа шарт-шароитларни яратишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Ташриф давомида Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идораларида музокара ўтказиш имконига эга бўлдик, – деди И.Симонович. – Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилиш ўзаро алоқаларимизни янада тараққий эттиришга хизмат қилади.

БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) идорасида, Конституциявий судда ҳам музокаралар ўтказди.

ЎзА, Ирода Умарова, 28.05.2013 19:54

Манба: http://uza.uz/oz/politics/26892/

 


Orqaga