Халқаро конвенция ўзбек тилида 22.01.2014

Халқаро конвенция ўзбек тилида

Видео. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенциянинг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, тегишли давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили С.Приснер ва бошқалар имконияти чекланган инсонларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятга фаол интеграциялаш жаҳон ҳамжамияти олдида турган устувор вазифалардан эканини таъкидлади.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенциянинг ратификация қилиниши имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун қўшимча кафолатлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро конвенцияни 2009 йилда имзолади ва унда белгиланган вазифаларни ижро этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни тиббий-психологик ва ижтимоий реабилитация қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, зарур дори-дармон ва протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш, ишга жойлашишга кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун мўлжалланган махсус инклюзив таълим тизими такомиллаштирилмоқда.

Президентимиз томонидан 2014 йилнинг мамлакатимизда Соғлом бола йили, деб эълон қилиниши бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Тадбирда ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга оид маърузалар тингланди. “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг ўзбек тилида нашр этилиши ногиронларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича халқаро стандартлар билан бевосита танишиш, инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган лойиҳалар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.


Манба: http://uza.uz/oz/society/30485/


Orqaga