Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий веб-сайтининг тақдимоти 04.02.2014

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий веб-сайтининг тақдимоти

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш масаласи энг устувор вазифалар қаторига қўйилган. Бу жараёнларда оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда Интернет ҳам ахборотнинг чекланмаган глобал тармоғи сифатида муҳим ўрин тутади.

2014 йилнинг январь ойидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янгича дизайндаги, замонавий талабларга жавоб берадиган веб-сайти ишга туширилди.

Мазкур сайт «UZINFOCOM» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори молиявий кўмаги асосида ишлаб чиқилган. Сайт Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсати, инсон ҳуқуқларига оид дунё янгиликлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда асосий восита вазифасини бажаради.

Сайт бир қатор ўзига хос қулайликларга эга. Масалан, фойдаланувчилар сайтга осон кириши, контентларнинг уч тилда – ўзбек, инглиз ва рус тилларида жойлаштирилиши шулар жумласидандир. Сайтдан Миллий марказ муассислигида чоп этиладиган журналлар ва уларнинг мундарижалари ҳақида маълумот олиш имконияти мавжуд. Шунингдек, масофадан туриб Ахборот-ресурс марказида мавжуд нашрлар ва адабиётлар каталоги билан танишиш мумкин. Бундан ташқари, фото, аудио ва видео форматдаги маълумотларни қамраб олувчи медиатека бўлими ҳам мавжуд.

Ушбу сайт тақдимоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамда «UZINFOCOM» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Дьёрдь Сабо кириш сўзлари билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида тўхталди. Хусусан, электрон бошқарув тизими ортиқча қоғозбозлик ва давлат ташкилотларидан зарур ахборотларни олиш билан боғлиқ узоқ жараёнларга барҳам бериши билан бирга, коррупциянинг олдини олиши ва ҳукуматнинг очиқ-ошкора ишлашини таъминлаши таъкидланди. Айни вақтда қонун лойиҳаси Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий тажриба асосида такомиллаштирилмоқда.

«UZINFOCOM» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази директорининг биринчи ўринбосари Ғ.Сайдалиев Ягона интерактив давлат хизматлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Ҳозирги вақтда ишга туширилган Ягона интерактив давлат хизматлари портали аҳолига нафақат бир нуқтадан туриб давлат интерактив хизматларидан фойдаланиш имконини бермоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янги расмий веб-сайти билан ушбу портал ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Эндиликда фуқаролар Миллий марказга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам электрон мурожаат этишлари мумкин.

Буларнинг барчаси пировард натижада фуқароларнинг турли ҳужжатларни расмийлаштириш ва олиш учун идораларга бориши ва навбатда туриб қолишини камайтиради. Шунингдек, баъзи бир кераксиз ҳужжатлар сонини қисқартириб, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро электрон муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Анжуманда веб-сайтнинг янги дизайни, ундаги янгиланишлар ва кенг имкониятлар слайдлар орқали ҳамда он-лайн тарзда намойиш этилди. Марказ сайтининг такомиллаштириш ишлари давом этаётганига қарамай, веб-сайтнинг рейтинги изчил ўсиб бормоқда.

Анжуман якунида Миллий марказ веб-сайтини тегишли мутахассисларнинг шарҳлари асосида янада бойитиб боришга доир таклиф ва тавсиялар билдирилди. 


Orqaga