Баронесса Саида Варси билан учрашув 16.04.2014

Баронесса Саида Варси билан учрашув

2014 йил 16 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Буюк Британия Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик масалалари бўйича катта давлат вазири Саида Варси Миллий марказ директори Акмал Саидов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда шунингдек, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ж.Эдгар, баронессанинг ёрдамчиси Нина Милн ва Тошкентдаги Буюк Британия элчихонасининг сиёсий ва ижтимоий дипломатия бўлими бошлиғи А.Чаудри иштирок этди.


Учрашувдан мақсад Марказ фаолияти билан танишиш, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда фикр алмашишдан иборат эди.


Суҳбат чоғида меҳмонлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг асосий мақсад ва вазифалари, хусусан, Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини тайёрлаш ва БМТнинг шартномавий органларига тақдим этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида эксперт ҳамжамиятлар, БМТ тузилмалари билан халқаро ҳамкорликнинг ривожлантириш, Марказ томонидан мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабардор қилинди.


Баронесса Варси илиқ қабул учун чуқур миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчилик соҳасида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолади.


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир Миллий марказининг янги нашрлари меҳмонларга тақдим этилди.


Учрашув конструктив руҳда бўлиб ўтди.


Миллий марказнинг Ахборот-ҳуқуқ бўлими


Orqaga