Ўзбекистоннинг иккинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди 13.05.2014

Ўзбекистоннинг иккинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди

2014 йил 13 майда Женевада БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси 52-сессиясининг икки мажлисида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг қоидалари бажарилиши ҳақида Ўзбекистоннинг иккинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов бошчилигидаги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Алимуҳамедов ва Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёровдан иборат таркибдаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Маълумки, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт   БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган. Дунёдаги 162 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон ушбу Пактнинг қатнашчилари ҳисобланади. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита БМТнинг қатнашчи давлатлар томонидан Пакт қоидаларининг бажарилиши мониторингини олиб борувчи шартномавий органи ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг иккинчи даврий маърузаси ушбу Қўмитага 2010 йил июнь ойида юборилган эди. Белгиланган тартиб-таомилга мувофиқ Қўмита 2013 йил август ойида Ўзбекистон томонига Ўзбекистоннинг иккинчи даврий маъруза асосида тайёрланган 19 та қўшимча ёзма саволлар рўйхатини тақдим этди. 2014 йил январь ойида Ўзбекистон  кўрсатиб ўтилган саволларга батафсил ёзма жавобларни Қўмитага юборди.

Мажлис бошлангунга қадар 20 тадан ортиқ ахборот материаллари Қўмита аъзолари орасида тарқатилди ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида кўргазма ташкил этилди.

Қўмита раиси З.Кедзия сессия мажлисини очар экан, Ўзбекистон Республикасининг Пакт нормаларини бажаришга қаратаётган эътиборига ижобий баҳо берди.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон делегацияси бошлиғи А.Саидов нутқ сўзлади. У сессия қатнашчиларини иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқуқларни амалга ошириш бўйича мамлакатда амалга оширилаётган қонунчилик, институционал ва амалий чора-тадбирлардан хабардор қилди.

Қўмита маърузачиси А.Абашидзе (Россия) Қўмитанинг ёзма саволлари рўйхатига жавоблар ўз вақтида юборилгани ҳамда ушбу шартномавий органнинг барча аъзоларига қўшимча ахборот материаллари тақдим этилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди. У умумий тартибдаги мулоҳазалар ҳисобга олингани ва Ўзбекистон ҳукумати дастлабки маърузани кўриб чиқиш якунлари бўйича тавсияларни амалга оширишга жиддий эътибор берганини ижобий баҳолади.

Қўмита аъзолари Ўзбекистондан нуфузли делегация иштирок этаётганини, маърузани тайёрлаш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирок этаётганини ва улар томонидан тақдим этилган муқобил маърузаларни, Қўмитанинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий саъй-ҳаракатлар режалари қабул қилиниши амалиётини ҳамда Пакт қоидаларидан жамоатчиликни хабардор қилиш борасида мамлакатда олиб борилаётган ишларни мамнуният билан қайд этдилар.

Қўмита раиси ва маърузачи иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича Омбудсман фаолиятига, шу жумладан  шикоятларни кўриб чиқиш учун ушбу органнинг ваколатларига ва инсон ҳуқуқлари бўйича ушбу миллий институтнинг мақомини ошириш истиқболларига қизиқиш билдирдилар.

Қўмита аъзолари Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг юқори суръатларини, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитларида ижтимоий йўналтирилган сиёсат ўтказилишини, хусусан, барқарор ривожланишни таъминлаш учун мамлакат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилишини ижобиий баҳоладилар. Мамлакат иқтисодиёти учун стратегик жиҳатдан муҳим лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга оширишда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг муҳим роль ўйнаётгани қайд этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт даражасини ошириш, Мингйиллик ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш, аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни ривожлантириш, ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уй-жой қурилиши, ижтимоий шерикликни ривожлантириш ва меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини рағбатлантиришда касаба уюшмаларининг ролини ошириш юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижобий баҳоланди.

Қўмита аъзолари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни маъқулладилар. Аҳоли саводхонлигининг юқори кўрсаткичларига ва мажбурий ўрта махсус таълимнинг 12 йиллик тизими мавжуд эканлигига ижобий баҳо берилди.

Қўмитанинг экспертлари Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат сифатида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини сақлаб қолишга муваффақ бўлганини, мамлакатда яшаётган турли элатларга ўзларининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг имкониятлар берилаётганини эътироф этдилар.

Мамлакатнинг бой моддий ва номоддий маданий меросини сақлаш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.

БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасида Ўзбекистоннинг Иккинчи даврий маърузаси кўриб чиқилиши он-лайн режимида Интернетда ва БМТнинг веб-сайтида кенг ёритилди.


Orqaga