Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни янада такомиллаштириш – жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг устувор йўналишлари 24.06.2014

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни янада такомиллаштириш – жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг устувор йўналишлари

Видео лавҳа. 2014 йилнинг 23-24 июнь кунлари “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни янада такомиллаштириш – жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий суди ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамкорлигида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, К.Аденауэр ва Ф.Эберт номидаги жамғармалар, “Минтақавий мулоқот” ноҳукумат ташкилоти, Нотижорат ҳуқуқ халқаро маркази, Европа Иттифоқининг “Марказий Осиё – қонун устуворлиги платформаси”, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури, Европа Кенгашининг Венеция Комиссияси, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, ижро ва суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари, илмий жамоатчилик, ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасалари, ОАВ, шунингдек халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар вакиллари ва хорижий экспертлар қатнашди.

Халқаро конференцияда хорижий экспертлардан Нотижорат ҳуқуқ халқаро маркази вице-президенти Наталья Боржелли (АҚШ), ЕХҲТ демократлаштириш департаментининг қонунчилик соҳасида кўмаклашиш бўйича ҳуқуқий масалалар маслаҳатчиси  Анна-Лиза Шателян (ЕХҲТ ДИИҲБ), ҳуқуқшунослик соҳасида Лондон Университети профессори Билл Боуринг (Буюк Британия), Германиянинг тижорат суди судьяси, ношир, публицист Штефан Граф Финк фон Финкенштайн (Германия), ҳуқуқий ва сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи, Гамбург шаҳри Маъмурий судининг собиқ раислик қилувчи судяси Герд Велинг (Германия), Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти вакили, тадқиқотчи ва Ижтимоий фанлар бўйича Хитой Академиясининг халқаро ҳуқуқ институти Халқаро оммавий ҳуқуқ бўйича тадқиқот бошқармаси директори Сун Шиян (ХХР), Европа Иттифоқининг “Марказий Осиё – қонун устуворлиги платформаси” лойиҳа бошлиғи Хавиер Барре вропа Иттифоқи), Европа Кенгашининг Венеция Комиссияси эксперти Довидас Виткаускас (Литва), АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиё ва Россия минтақаси наркотикларни ва ҳуқуқни қўллашни назорат қилиш бўйича бюроси катта маслаҳатчиси Джеймс Каллахан ҚШ), АҚШнинг Миннесота штати округи бўйича туман суди судьяси Джон Р. Танхайм (АҚШ), Олий аппеляция суди қоидалари бўйича қўмита раиси, Суд ишлари ва ОАВ бўйича қўмита ҳамраиси  Роберт Корди ҚШ), Шимолий Ирландиянинг пенитенциар муассасалари бўйича омбудсмани Полин Маккейб (Буюк Британия), Нотижорат ҳуқуқ халқаро маркази Болгария филиалининг директори Любен Панов (Болгария), Европа Кенгашининг Венеция Комиссияси котибияти ходими Григорий Диков (Россия), Нотижорат ҳуқуқ халқаро маркази Россия филиалининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчи Ольга Шумбурова (Россия), психиатр ва суд эксперти, Миллий превентив механизм масалалари бўйича эксперт Зденка Чебашек-Травник (Словения) иштирок этдилар.

Халқаро конференцияни ўтказишдан мақсад Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва бу соҳада эришилган ютуқларни муҳокама қилиш, суд-ҳуқуқ тизими шаклланиши ва ривожланишининг халқаро тажрибаси, адлия соҳасида инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг ҳолати билан таништириш, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини такомиллаштирилишнинг устувор ва долзарб йўналишларини муҳокама қилишдан иборат.

Анжуман иштирокчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси тарихан қисқа муддат ичида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга эришди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан илгари сурилган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси"нинг амалга оширилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжатнинг асосий вазифалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларни амалга ошириш мақсадида  демократлаштириш, либераллаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштиришни давом эттириш, фуқаролар ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоясини кучайтириш, прокурор ва адвокат тенглигини, тортишувлилигини, суд амалиётининг барча босқичларида одил судловни таъминлаш, дастлабки суриштирув ва тергов органлари ҳаракатларининг қонунийлиги устидан суд назоратини янада кучайтириш ҳисобланади.

Анжуман иштирокчиларининг эътибори суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларига қаратилиб, бунинг одил судлов соҳасида инсоннинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти, фуқароларнинг суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш зарурати,  бунга эришиш чора-тадбирларини амалга ошириш, суд фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш, судьялар ҳуқуқий мақомини ошириш каби масалаларга алоҳида урғу берилди.

Конференцияда қатнашган хорижий экспертлар Ўзбекистонда 2008 йил  бошидан ўлим жазосининг бекор қилинганлиги, қамоққа олиш санкциясининг судларга берилиши, яъни “хабеас корпус” институтининг жорий этилганлиги, 2011 йилда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва унга мувофиқ қамоқда ушлаб туриш, шунингдек тергов муддатларининг қисқартирилиши, яраштирув институтининг жорий этилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини юқори баҳоладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал қонунчилигида судлар томонидан жиноят иши қўзғатиш, иш бўйича айблов хулосасини ўқиб эшиттириш ваколатлари бекор қилинганлиги, суд амалиётигача бўлган босқичда тергов устидан суд назорати кучайтирилганлиги алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириши ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясига мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш бўйича тадрижий ишлар олиб борилмоқда, жумладан:

- жиноят иши юритилишидаги суд назоратини мустаҳкамлашда “хабеас корпус” институтидан фойдаланишни кенгайтириш, ҳимоя ва айблов ўртасидаги тортишувликни таъминловчи тизим ва механизмларни такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда.

- қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари билан тезкор-қидирув чораларини ўтказишнинг аниқ асослари жорий этилди, қонунийликка риоя этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, маъмурий ўзбошимчаликка йўл қўймасликнинг аниқ ҳуқуқий кафолатлари яратилди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш, шунингдек туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонларининг қабул қилиниши суд ҳокимиятини нуфузини мустаҳкамлашда, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишнинг замонавий демократик тамойилларга асосланган самарали тизимининг яратилишида алоҳида аҳамият касб этди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йилнинг июнь ойидаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Тошкент давлат юридик институтининг мақоми оширилиб,  Тошкент давлат юридик университетига айлантирилиши юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг самарадорлигини оширишга ҳизмат қилмоқда  ҳамда ҳуқуқий таълим тизими негизини тубдан ислоҳ этишга замин яратди.

Ушбу халқаро конференцияда қабул қилинган тавсиялар судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари устуворлигининг конституциявий тамойилини изчил риоя этиш, суд амалиётида уларни қўллашнинг ташкилий механизмларини такомиллаштириш, шунингдек илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш мақсадларига йўналтирилган.


Orqaga