13.11.2018

Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ҳақида

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланади.

Шу йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Бўлажак йирик халқаро анжуман Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури”да белгиланган ушбу муҳим тадбирни ташкил этиш ташаббуси давлатимиз раҳбарининг 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТнинг 72-сессияси доирасидаги учрашувида илгари сурилган.

Маълумки, 1948 йили Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан буён ўтган 70 йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг асосий тамойил – инсон ҳуқуқлари универсаллиги принципи сиёсий жараёнларда ҳамда халқаро ҳуқуқ назарияси ва амалиётида доимо кун тартибида бўлиб келмоқда. 2015 йил сентябрида Нью-Йоркда  бўлиб ўтган барқарор ривожланиш бўйича БМТ саммитида 170 та давлат етакчилари томонидан бу борада 2030 йилгача бажариладиган ишлар кун тартиби тасдиқланди. Барқарор ривожланишнинг 17 та мақсадини рўёбга чиқариш учун 15 йил ичида амалга ошириладиган 169 та вазифа белгилаб олинди.

Бутун дунёда кечаётган тезкор глобаллашув даврида бу қамровдор вазифалар давлатлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Ҳозирги шиддатли ўзгаришлар жараёнида дунёнинг айрим минтақаларида давлатлар томонидан инсон ҳуқуқларининг универсаллигини ҳар бир инсон учун таъминлаб бериш осон кечмаяпти.

Ер шаридаги энг катта қитъа, жами қуруқлик майдонининг 30 фоиздан ортиғини эгаллаган Осиё иқтисодиёти глобал иқтисодий фаолликнинг қарийб 32 фоизини ташкил этади. Осиё қитъаси мамлакатларида иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Аҳолининг даромадлари ошмоқда. Аммо, қитъа иқтисодий тараққиёт даражасининг ортиши, ўз-ўзидан, Барқарор ривожланиш мақсадлари таъминланиши ва инсон ҳуқуқлари янада самарали ҳимоя қилинишини тўлиқ кафолатламаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. 

Осиё қитъасида яшайдиган 3,1 миллиард нафар аҳоли тахминан 15 та йирик тил оиласига мансуб турлича тил ва шеваларда гаплашади. Шунингдек, Осиё дунёдаги барча асосий динлар – насронийлик, буддавийлик ва ислом динининг ватанидир. Қитъада бошқа кўплаб диний конфессиялар ҳам мавжуд. Шунга қарамай, сайёрамизнинг бошқа минтақаларидан фарқли равишда, Осиё қитъасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муайян ҳукуматлараро ёки минтақавий тизим ҳалигача яратилмаган. 

Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида асосий эътибор инсон ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш бўйича қитъадаги мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилади. Шунингдек, халқаро анжуманда қитъа мамлакатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш, бу соҳада минтақавий миқёсдаги таъсирчан механизмларни яратиш масалалари муҳокама қилинади. 

Осиё форумида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби 40 та халқаро ва минтақавий ташкилотнинг раҳбарлари ҳамда малакали экспертлари, 19 та хорижий давлат намояндалари, 4 та мамлакат парламенти аъзолари, ва 26 та инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт вакиллари, шунингдек, экспертлар, чет эл ахборот агентликлари ҳамда оммавий  ахборот воситалари журналистлари иштирок этади. Иштирокчиларнинг умумий сони 116 нафарни ташкил қилмоқда. 

Халқаро анжуман иштирокчилари учта сессияда муайян мавзулар бўйича мулоқот олиб боради. 

Биринчи сессия“Декларация мероси – умуминсонийлик ва инсон ҳуқуқлари”, деб номланади. Ушбу сессия иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг универсаллиги ва ўзаро боғлиқлиги принциплари талқинига бағишланади. Унда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши борасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар кўриб чиқилади.

Иккинчи сессия“Инсон ҳуқуқлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари”, деб номланган. Бу сессияда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, ва суд ҳокимиятлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тутган ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинади.

Учинчи сессия“Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ҳамда уларга риоя қилинишини таъминлаш масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги”, деб аталади. Форум иштирокчилари ушбу сессияда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ҳамда уларга риоя қилинишини таъминлашга доир қарорлар қабул қилиш жараёнида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамкорликда қўллайдиган механизмлар, воситалар ва ёндашувлар хусусида сўз юритадилар. 

Осиё форуми якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми доирасида 21 ноябрь куни Тошкент шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Марказий Осиё Кенгаши ўтказилади. Кенгаш иши якунлари бўйича Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Тошкент Баёноти қабул қилиниши кутилмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази

Orqaga