17.01.2019

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасида Меморандум имзоланди

2019 йилнинг 16 январ куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги Меморандум имзоланди.

Меморандум инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка, давлат томонидан соҳага оид халқаро конвенция ва келишувлардаги мажбуриятларнинг бажарилишини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан тажриба алмашинуви, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни ҳимоялаш шакл ва усуллари ҳақидаги ахборот ва адабиётлар алмашишга йўналтирилган. 

Меморандумнинг асосий йўналишларидан бири ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти механизмларини маҳаллий, миллий ва минтақавий даражада  такомиллаштириш мақсадига бағишланган тренинг, семинар, илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш, биргаликда амалий ва тадқиқот ишларини, ахборот-маърифий тадбирларни амалга оширишдан иборат. 

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва кафолатланиши масалалари юзасидан мунтазам консультациялар ташкил этиш назарда тутилган. 

Memorandum-1.png

Тадбир Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т. Москалькованинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги йўлидаги ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Россия Омбудсман институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг гуманитар аспектлари” мавзусидаги ўзбек-рус “Давра суҳбати” доирасида бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ҳамда Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н. Умаров, Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т. Москалькова
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У. Муҳаммадиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидовлар тадбир иштирокчиларини қутлаб, нутқ сўзладилар. 

“Давра суҳбати” давомида замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг долзарб масалалари муҳокамаси бўлиб ўтди, парламент омбудсмани ҳамда, инсон ҳуқуқлари бўйича мтллий институтлар  фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш асослари кўриб чиқилди. 

Алоҳида эътибор Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси амалиётга татбиғи доирасидаги асосий йўналишларига қаратилди. 

“Давра суҳбати” ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳуқуқни ҳимоялаш тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази

Orqaga