10.01.2019

Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “йўл харитаси”

Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “йўл харитаси”

Маълумки, БМТ Дин ва эътиқод эркинлиги тўғрисидаги масала юзасидан инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Махсус маърузачиси А. Шахиднинг 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжатнинг ижроси ишчи гуруҳнинг ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг қўшма мажлисида муҳокама этилди.

Тадбирда депутатлар, сенаторлар, вазирликлар, идоралар, таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Парламент қуйи палатаси қўмитасининг раиси – ишчи гуруҳ раҳбари Акмал Саидов таъкидлаганидек, “йўл харитаси”да 52 та тадбирни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Шундан 40 та тадбир ижро этиб бўлинган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилган вазирлик конференцияси ишида иштирок этди. Ўтган йил декабрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. 

Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни “ўта хавотир уйғотадиган мамлакатлар рўйхати”дан олиб ташлади ва бу билан диний эркинликни таъминлаш соҳасида мамлакатимиз эришган катта ютуқларни эътироф этди.

Мажлис давомида масъул вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг “йўл харитаси”ни ижро этиш тўғрисидаги ахбороти тингланди. 

Дин ишлари бўйича қўмита Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Республика ҳудудларида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича ислом динига мансуб бўлмаган диний ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси тайёрланди. 

Ушбу ҳужжатга мувофиқ диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи миқдори беш баравар қисқартирилди, диний ташкилотларга ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни рўйхатга олувчи органларга фақат бир йилда бир марта тақдим этиш талаби қўйилди. Бундан ташқари, рўйхатга олувчи органнинг диний ташкилотларни тугатиш бўйича ваколатлари бекор қилинди. янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги алоҳида топшириқлари бўйича элчиси С.Браунбэк раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтган йил 17 сентябрь куни “Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида ўтказилган давра суҳбатининг роли ва аҳамиятига эътибор қаратди.

Халқ таълими вазирлиги Норвегия, Дания, Нидерландия, Италия, Финляндия, Греция, Германия, Бельгия ва АҚШнинг диний таълим масаласидаги тажрибасини ўрганди. Бундан ташқари, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати масалаларини тушунтирувчи аниқ мақсадга қаратилган матбуот ва видео маҳсулот чоп этиш ва тарқатиш юзасидан идора томонидан мунтазам иш олиб борилмоқда, жумладан, 11-синф ўқувчилари учун “Жаҳон динлари тарихи” дарслиги тайёрланди.

Халқаро ислом академияси олимлари “Дунёвий мактабларда диний таълим: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар мисолида” номли китоб тайёрлади.
Тадбирда “йўл харитаси”ни ижро этиш доирасида бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Якуни бўйича ишчи гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Orqaga