07.12.2018

Кун тартибидада қочоқлар ва мигрантларга кўмаклашиш ва уларни ҳимоя қилиш масаласи

Кун тартибидада қочоқлар ва мигрантларга кўмаклашиш ва уларни ҳимоя қилиш масаласи

2018 йил 2-6 декабрь кунлари Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони Қироллиги) Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг навбатдаги 14-сессияси бўлиб ўтди. Унда Мустақил доимий комиссия аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Х.Саидов иштирок этди. 

Сессияда ИҲТ Бош котибининг вакили, ИҲТга аъзо давлатлар, Халқаро ислом фикҳи академияси (IIFA) вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро миграция ташкилотининг халқаро экспертлари иштирок этди. 

Сессияда “Қочоқлар ва мигрантларга кўмаклашиш ва уларни ҳимоя қилиш: инсон ҳуқуқлари бўйича ислом дини мажбуриятлари ва халқаро мажбуриятлар” мавзусида мунозара ўтказилди. Қочоқлар ва мигрантларнинг жиддий глобал аҳволи Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларга бевосита таъсир кўрсатиши қайд этилди. Бунда мигрантлар ва қочоқларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ асосий муаммолар тилга олинди, мигрантлар ва қочоқларга доир жорий халқаро, минтақавий ташаббуслар муҳокама қилинди.

Сессия иштирокчилари мигрантлар ва қочоқлар ҳимоясини таъминлаш учун асосий жавобгарлик давлатларнинг зиммасида эканига ҳамда мигрантлар ва қочоқларнинг асосий ҳуқуқлари улар жўнатиладиган, келтириладиган ёки ўтказиладиган пунктлардаги мақомидан қатъи назар ҳимоя қилиниши ва ҳурмат қилиниши кераклигига қўшилдилар. Миграция ва қочоқлар масалаларини ҳал қилишда давлатлар дуч келадиган қийинчиликларни эътироф этган ҳолда давлатлар инсон ҳуқуқлари негизида сиёсат ишлаб чиқишни рағбатлантиришга қаратилган миллий қонун ҳужжатлари ва хатти-ҳаракатлар режаларини мустаҳкамлаш учун энг яхши воситаларни ишлаб чиқиш мақсадида ҳамкорлик қилиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессияда ИҲТга аъзо давлатларда инсоннинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, ривожланиш ҳуқуқи каби масалалар чуқур муҳокама қилинди.

Orqaga