17.03.2019

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АХБОРОТИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АХБОРОТИ

2018-йили дунёдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик маърузада (2019-йил 13-март куни чоп этилган) АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этди. Бу эса ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлиги ва республика раҳбариятининг инсон манфаатларига хизмат қилишига бўлган қатъий содиқлигининг эътирофи бўлди.

Хусусан, аввало жиноий одил судлов, суд жараёнининг кўпроқ шаффофлигини таъминлаш, айбловчи далиллар базасидан фойдаланишга ҳимоячи томонига кенгроқ изн берилиши таъминлаши ва натижада оқловчи қарорлар сонининг кўпайиши соҳаларидаги ишларга маърузада обектив баҳо берилиши диққатга сазовордир.

Ҳужжатда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги, қийноқлардан ҳамда бошқа муомала ва жазонинг ноинсоний ёки шарафини камситувчи турларидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилиниши, шунингдек, бундай жиноятлар учун масъулият кучайтирилиши эътироф этилади.

Сўз ва ифода эркинлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар доирасида матбуот эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фаоллари билан очиқ муносабатлари эътироф этилмоқда.

Маърузада диний экстремизмда гумонланган минглаб шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рўйхатидан чиқарилиши, шунингдек, кўплаб афв этиш ҳолатлари ва уларнинг ижтимоий мослашувига қаратилган дастурлар алоҳида қайд этилган.

“Хьюман Райтс Вотч” ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” маълумотларига асосланиб “Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани” маърузада эътироф этилиши диққатга сазовордир.

Ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муваффақиятли қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар алоҳида кўрсатилган. Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тараққиёти АҚШ Давлат Департаменти ва Меҳнат Департаментининг 2018-йилдаги тегишли баёнотларида бир неча бор эътироф этилган.

Ўтган йилнинг декабр ойида АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқариш қарори республиканинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларининг яна бир муҳим эътирофи бўлди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар, шубҳасиз, мамлакатда қабул қилинган “2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ, бу эса чуқур демократик ислоҳотларнинг бошланишига олиб келди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини мамлакатда таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришда қатъийдир ва бундан кейин ҳам “аниқ ислоҳотлар” йўлидан боради, шунингдек, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар яҳлит, барқарор ва ортга қайтмас характерига эга. Шунингдек, республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари ва механизмларини янада такомиллаштириш, шу жумладан, халқаро ва ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиқувчи энг муҳим топшириқларни амалга оширилишининг ҳал этувчи шартлари шундан иборатдир. Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёжлари ва манфаатлари ҳисобланади.

Манба: mfa.uz

Orqaga