23.05.2019

Ўзбекистон-Германия юридик форуми

«Ўзбекистон ва Германия конституциявий тараққиётининг тенденциялари» мавзуидаги Ўзбекистон-Германия юридик форуми

2019 йил 23 май куни Германия Федератив Республикаси ташкил топгани ва Асосий қонуни қабул қилинганининг 70-йиллигига бағишланган «Ўзбекистон ва Германия конституциявий тараққиётининг тенденциялари» мавзуидаги Ўзбекистон-Германия юридик форуми бўлиб ўтди. Форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда К. Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилот ва дипломатик корпус вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этишди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон ва Германия Конституцияларининг шаклланиши ва ривожланиши тенденцияларини, Конституциянинг фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишига таъсирини атрофлича муҳокама этишди. Шу билан бирга инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари бўйича ҳуқуқий асосларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўриш масалалари юзасидан фикр алмашишди.

Иштирокчилар ҳар бир давлатнинг ҳаётида Конституциянинг миллий ҳуқуқий тизимда тутган улкан ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик А.Саидов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикасининг конституциявий ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари, ўхшашликлари ва фарқларини, икки давлатнинг конституциялари мазкур давлатларда демократик, ҳуқуқий давлат қурилишида қанчалик аҳамиятга эга эканлигини, мамлакатларда конституционализм ва парламентаризм ривожланишнинг илмий ва амалий жиҳатларига ҳар томонлама тўталиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев, сўзга чиқиб, Ўзбекистонда конституциявий назоратни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари тўғрисида, ташкилий–ҳуқуқий жиҳатдан мамлакатимиз Конституциявий судини бошқа давлатларнинг конституциявий назорат институтидан фарқлари ва ўҳшашликлари, ва ўзига хос хусусиятларини гапириб берди.  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари М.Нурматова эса, ўз чиқишида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишида конституциянинг роли ва аҳамиятига тўҳталиб, фуқаролик жамияти институтлари ва улар фаолиятининг конституциявий кафолатлари ҳамда уларни амалга оширилиши масалалари тўғрисида фикр юритди.  

Немис экспертлари ҳам Германия Асосий қонуни ҳақида гапиришар экан, унда немис конституциявий ҳуқуқ институтлари, сиёсий демократия ва ҳуқуқий маданият тараққиётининг тарихий тажрибаси у ёки бу тарзда ўз мужассамини топганлигини эътироф этишди. 

Жумладан, Германиянинг Хемниц техника университети профессори Франк-Лотар Кролл эса, Германиянинг конституцивий тараққиёт йўли хусусида фикр юритиб, Германия конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқилишидан бошлаб, унинг қабул қилиниши ва ривожланиб бориши тенденциялари ҳамда ўзига хос хусусиятларини тушунтириб берган бўлса, Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг бошқарув кенгаши аъзоси Беттина Аденауэр, ўз чиқишида Германия Асосий Қонунининг яратилишида, умуман Германия Федератив Республикасини ташкил топиши ва урушдан кейин тезлик билан энг ривожланган давлатлар қаторига қўшилишида Германиянинг биринчи канцлери Конрад Аденауэрнинг роли тўғрисида форум иштирокчиларига батафсил гапириб берди. 

ГФР Асосий қонуни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Германиянинг барқарорлигини таъминлашга муҳим ҳисса қўшгани билан бирга, кенг кўламда шахс ҳуқуқини, эркинлигини ва ижтимоий ҳимоясини кафолатлайди. 

1949 йил 23 май куни Германия Федератив Республикаси ташкил топгани эълон қилинди ва шу куннинг ўзида Парламент кенгаши томонидан ишлаб чиқилган Германия Асосий қонуни имзоланди. Шу муносабат билан 23 май Германия давлати ташкил топган кун бўлиб ҳисобланади. Бу йил Германия Федератив Республикаси эълон қилингани ва Асосий қонуни қабул қилинганига 70 йил бўлмоқда.

Иштирокчилар Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапирар экан, у пухта ва пишиқ, равон тилда ёзилгани, нормаларни белгиламайдиган баландпарвоз мафкуравий мазмун ташувчи қоидалардан холилиги билан айрим давлатлар конституцияларидан жиддий фарқ қилишини, бошқача айтганда, ГФР конституциявий дунёси бой ва ўзига хос эканлигига урғу қаратишди.

Асосий қонунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Муқаддимадан сўнг, биринчи бўлимдаёқ эътироф этилиши инсон ҳуқуқларига нақадар катта эътибор берилганининг яққол далилидир. Зеро, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва ҳимоялаш демократик ҳуқуқий давлатнинг негизи ҳисобланади, “немис халқи инсоннинг дахлсиз ва унга тегишли ҳуқуқларини ҳар қандай умуминсоний ҳамжамиятнинг, ер юзида тинчлик ва адолатнинг асоси деб эътироф қилади”. 

Ўзбекистонда Германия Асосий қонунига нисбатан қизиқиш ушбу мамлакатнинг илмий-техник тараққиёт соҳасидаги ва маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ижтимоий хизмат кўрсатиш жабҳаларидаги ютуқларини ўрганиш иштиёқи каби табиий эканлиги бежиз эмас. Зеро, ГФРнинг Асосий қонуни оммавий ҳуқуқни кодификациялаш намунаси ҳисобланади, у дунёнинг конституциявий харитасида замонавий конституционализм андозаларидан бири сифатида умумэътироф этилган.

Миллий анъаналар, халқаро ҳуқуқнинг фундаментал қоидалари ва талаблари асосида, шунингдек, хорижий давлатлар конституцияларининг, жумладан, Германия Асосий қонунининг  қоидаларини ўрганилиши асносида Ўзбекистон Конституцияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда” дея Конституциянинг аҳамиятини таъкидлаб ўтганлар.

Шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси демократик давлат, эркин бозор иқтисодиёти ва инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқи ва эркинликлари олий қадрият бўлган фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосоий ҳуқуқий пойдевори бўлган базавий тамойиллар, қоидалар ва меъёрларни белгилаб берди. 

Амалдаги қонунчиликнинг умумэътироф этилган ҳужжати сифатида Германия Асосий қонуни ва Ўзбекистон Конституцияси Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосидир. 

Форум иштирокчилари конституциявий ҳуқуқни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатларини ривожлантиришда тажриба алмашишни давом эттиришни таклиф қилишди.

Форум давомида Германия Асосий қонунининг немис ва ўзбек тилларидаги нашри, шунингдек Германиянинг замонавий давлат ҳуқуқида мавжуд муҳим масалалар ҳақида сўз юритувчи “Германия бўйлаб конституциявий саёҳат” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.


IMG_6997.JPG

IMG_7200.JPG


IMG_7287.JPG



Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази

Orqaga