24.05.2019

Германия асосий қонунининг 70 йиллигига бағишланди

Германия асосий қонунининг 70 йиллигига бағишланди

Тошкент шаҳрида 23 май куни Германия Федератив Республикаси ташкил этилгани ҳамда ушбу мамлакат Асосий қонуни қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Ўзбекистон – Германия юридик форуми бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Ўзбекистон ва Германия конституциявий тараққиёти тенденциялари» мавзусидаги форумда депутатлар, Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев очиб, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги дипломатик муносабатлар бугунги кунга келиб янги, сермазмун босқичга кўтарилгани, барча йўналишлардаги ҳамкорлик жадал тус олганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил январь ойида Германияга ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлди. Ташриф давомида икки мамлакат манфаатлари ҳар томонлама мос экани намоён бўлди. Ўзбекистоннинг янгича шакл ва мазмун касб этаётган ички ва ташқи сиёсати ривожланган мамлакатлардан бири бўлган Германия томонидан қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд муҳим санага бағишланган форум ҳар томонлама фойдали бўлишига ишонч билдирди.

Бундан 70 йил аввал Бонн шаҳрида Парламент кенгаши президенти, кейинчалик Германиянинг биринчи Федерал канцлери Конрад Аденауэр томонидан қабул қилинган Германия Федератив Республикасининг Асосий қонуни мамлакатнинг ер юзидаги энг қудратли давлатлардан бирига айланишида муҳим роль ўйнаган. Германия Федерал канцлери Ангела Меркель ушбу ҳужжатни “жаҳоннинг энг мукаммал конституцияларидан бири” деб атагани бежиз эмас.

Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов «Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикасининг конституциявий ривожланиши: ўзига хос жиҳатлар, ўхшашликлар ва фарқлар», Хемниц техника университети (Германия) профессори Франк-Лотар Кролл «Конституция сари узоқ йўл», «Бундесканцлер-Аденауэр-Хаус» («Федерал канцлер Аденауэр уйи») жамғармаси васийлик кенгаши раиси ўринбосари Беттина Аденауэр «Германия Асосий қонуни яратилишида Конрад Аденауэрнинг роли», Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоев «Ўзбекистонда конституциявий назоратни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзуларида маъруза қилди.

Германиянинг Асосий қонуни ва Ўзбекистон Конституциясини қиёсий ўрганиш жараёнида бир неча жуда муҳим умумий жиҳатлар борлиги таъкидланди. Хусусан, мазкур ҳужжатларни ишлаб чиқишда миллий ҳуқуқий анъаналарга таянилган, шу билан бирга халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва хорижий тажриба ҳам чуқур ўрганилган. Ҳар иккала ҳужжатда инсон ҳуқуқи энг устувор аҳамият касб этади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ўзбек ва немис тилларидаги «Германия Федератив Республикасининг Асосий қонуни» ҳамда рус тилидаги «Конституционное путешествие по Германии» (“Германия бўйлаб конституцион саёҳат”) китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Манба: ЎзА

Orqaga