28.05.2019

Германия асосий қонуни ўзбек тилида нашр этилди

Германия асосий қонуни ўзбек тилида нашр этилди

Тошкентда ўзбек тилида нашр қилинган «Германия Федератив Республикасининг Асосий қонуни» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда немис тилига ихтисослашган таълим муассасалари талаба-ўқувчилари, Немис тили ўқитувчилари ассоциацияси аъзолари иштирок этди.

Германия Федератив Республикасининг Асосий қонуни мазкур мамлакат давлатчилик тарихининг замонавий шаклларини ўзида мужассам этган ҳуқуқий асосдир. Бу йил ушбу мамлакат Асосий қонуни қабул қилинганининг 70 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Германия ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча кўрсаткичлари бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу каби юқори ва тарихий ривожланишнинг барча босқичларида Германия Асосий қонуни ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ривож топмоқда. Кўпгина соҳалар қатори қонун ижодкорлиги йўлидаги ўзаро манфаатли муносабатлар ҳам янги босқичда давом этаётганини қайд этиш жоиз. Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг ўзбек ва немис тилларида ягона китоб ҳолида нашр этилгани ҳам фикримизга мисол бўла олади.

Тадбирда Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей ўқувчилари Германия Асосий қонуни яратилиш тарихи, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари акс этган боблар бўйича тақдимотлар қилди.

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги немис тилига ихтисослаштирилган Гёте номидаги 60-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг бадиий чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Тақдимот маросими иштирокчиларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан чоп этилган китоблар жамланмаси топширилди.


Манба: ЎзА

Orqaga