11.07.2019

“Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари”

“Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари”

12 июль куни соат 15.00 да Тошкент шаҳридаги “Miran International” меҳмонхонасида шу мавзудаги лойиҳа муҳокамаси бўйича Миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтади. Бу лойиҳа 2021-2023 йиллар даврида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиш учун Ўзбекистон ўз номзодини илгари сурганлиги муносабати билан ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон БМТнинг фаол аъзоларидан, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга асос солган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини глобал кўламда ҳимоя қилишнинг ғоят муҳим воситаси бўлмиш мазкур Кенгашни ташкил этиш бўйича музокараларда ва бу йўналишда амалий чора-тадбирлар мажмуини қабул қилиш жараёнларида иштирок этган. 

Мамлакатимиз бугунги кунда ҳам БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши фаолиятини мустаҳкамлашга доир саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистон айни пайтга қадар мазкур Кенгашга аъзо бўлмаган. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолиги учун сайловларда ўз номзодини кўрсатишга қарор қилгани Ўзбекистонинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ишига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.  Бундай муҳим қадам мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган шиддатли ва барқарор демократик жараёнлар талабидир.

Миллий маслаҳатлашув иштирокчилари эътиборига “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари” лойиҳаси тақдим этилади. 

Ушбу ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюциясига мувофиқ тайёрланган. Унда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ишига қўшган ҳиссаси ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари ҳақида мухтасар сўз юритилади.

Мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад истиқболда Ўзбекистон зиммасига оладиган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлар бўйича ягона ёндашувни шакллантиришдан иборат.

Музокараларда турли вазирлик, ташкилот ва муассасаларнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича масъул мутахассислари амалий таклиф ва тавсиялари билан иштирок этади.

Лойиҳа муҳокамасида фуқаролик жамияти институтларининг бир қатор фаоллари ҳам қатнашади. Бу мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини рўёбга чиқаришда нодавлат ташкилотлар ўзига хос ўрин тутишидан далолатдир.
  
Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг 
Матбуот хизмати

Orqaga