12.07.2019

Муҳим лойиҳа бўйича миллий маслаҳатлашув ташкил этилди

Муҳим лойиҳа бўйича миллий маслаҳатлашув ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йиллар даврида сайланиш учун номзодини илгари сурмоқда. Бундай муҳим қадам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ва бутун дунёда эътироф этилаётган шиддатли ҳамда барқарор демократик жараёнлар талабидир.

Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 12 июлида Тошкент шаҳрида ушбу лойиҳанинг муҳокамаси бўйича миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Конституциявий суд, турли вазирлик, ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллари қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов машваратни очар экан, Ўзбекистон БМТнинг фаол аъзоларидан, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга асос солган давлатлардан бири ҳисобланишини таъкидлади. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини глобал кўламда ҳимоя қилишнинг ғоят муҳим воситаси бўлмиш мазкур Кенгашни ташкил этиш бўйича музокараларда ва бу йўналишда амалий чора-тадбирлар мажмуини қабул қилиш жараёнларида иштирок этган. 

Мамлакатимиз бугунги кунда ҳам БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши фаолиятини мустаҳкамлашга доир саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон айни пайтга қадар мазкур Кенгашга аъзо бўлмаган. Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолиги учун сайловларда ўз номзодини кўрсатишга қарор қилгани Ўзбекистонинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ишига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.  

Миллий маслаҳатлашув иштирокчилари эътиборига “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари” лойиҳаси тақдим этилди. 

Лойиҳада кейинги даврда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида эришган ютуқлари, халқаро мажбуриятлар ва келишувларнинг миллий даражада рўёбга чиқарилиши бўйича қўлга киритилган натижалар, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро ва минтақавий тузилмалари билан ҳамкорлиги самаралари қайд этилган. 

Энг асосийси, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланса, 2021-2023 йилларда амалга ошириши кўзда тутилаётган кўнгилли мажбуриятлари санаб ўтилган. БМТ талаби бўйича учта асосий йўналишда – халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда бажарилиши мўлжалланган ушбу ихтиёрий вазифалар рўйхати бир қанча бандлардан иборат.

БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюциясига мувофиқ тайёрланган ушбу ҳужжат бўйича музокараларда турли вазирлик, ташкилот ва муассасаларнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича масъул мутахассислари, илмий муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўз таклиф ва тавсиялари билан иштирок этди. 

Бу амалий таклифлар истиқболда Ўзбекистон зиммасига оладиган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлар бўйича ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.

IMG_9312.JPG

IMG_9323.JPG

IMG_9290 - копия.JPG

IMG_9276.JPG

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг 
Матбуот хизмати

Orqaga