04.08.2019

Бош прокуратура коррупция етказган зарар миқдорини маълум қилди

Бош прокуратура коррупция етказган зарар миқдорини маълум қилди

Жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида коррупсион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 665 миллиард 757 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 1 триллион 621 миллиард 503 миллион сўми ёки 97,3 фоизи ундирилган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов сешанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзади «Gazeta.uz».

Бош прокуратура фақатгина пора бериш ва олиш коррупсион жиноят ҳисобланмаслигини маълум қилди. Мол-мулкларни ўзлаштириш ёки талон-тарож қилиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятлар ҳам ҳисобга олинади.

Ўтган йилнинг худди шу даври зарар миқдори 58,3 миллиард сўмни (6,7 миллион доллар) ташкил этиб, унинг 51,7 миллиард сўми (5,9 миллион доллар) ёки 88,6 фоизи ундирилган. Зарар миқдори қарийб 29 мартага ошган.

Йил бошидан буён жами 661 нафар (ўтган йилнинг шу даврида — 725) турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан 590 та (1043) жиноят ишлари қўзғатилган, 398 та жиноят иши бўйича 537 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва қолган жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган.

Жиноий жавобгарликка тортилган ходимларнинг 250 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 48 нафари солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, 71 нафари пора олиш-бериш ёки унда воситачилик қилиш, 51 нафари фирибгарлик, 23 нафари мансабни суиистеъмол қилиш, 18 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 4 нафари мансабга совуққонлик, 7 нафари мансаб сохтакорлиги ва 65 нафари бошқа жиноятлари учун жавобгар бўлган.

Қайд этиш жоизки, 5 ой якунлари бўйича прокуратура органлари фаолияти тўғрисидаги брифингда коррупциядан кўрилган зарар миқдори 35,7 миллиард сўм (4,1 миллион доллар) экани маълум қилинган эди. Бундан кўриниб турибдики, июнь ойининг ўзида давлат ва жамият манфаатларига 1,63 триллион сўм (188,1 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган.

Манба: daryo.uz

Orqaga