04.08.2019

«Жаслиқ»нинг ёпилиши: жаҳон жамоатчилиги эътиборида

«Жаслиқ»нинг  ёпилиши: жаҳон жамоатчилиги эътиборида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 2 августда қабул  қилган “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш белгиланди.

Мазкур тарихий қарор озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантиришга йўнатирилган ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад, шунингдек, 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро ареналарда ижобий мавқеини илгари суришдир.

Жаслиқ қўрғонида жойлашган, халқ орасида ҳам «Жаслиқ» номи билан машҳур муассасанинг ёпилиши юзасидан Ўзбекистон ҳаётига бефарқ бўлмаган бир қатор хорижий шахслар ижтимоий тармоқларда ўз муносабатини билдирмоқда. Ушбу янги рубрикада ана шундай муносабатлар ёритиб борилади.

Хусусан, АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен хоним Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилишини «ўтмиш билан ришталарни узиш учун ўта кучли ишора» деб атади. У бу ҳақда Twitter’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Жуда ҳам рамзий аҳамиятга эга қарор! Модомики Жаслиқ тўлиқ ёпилар экан (у умуман қайта очилмаслиги лозим), бу воқеа ўтмиш билан ришталарни узиш учун ўта кучли ва зарур ишора бўлади. 

Янги Ўзбекистон учун ундай масканлар керак эмас ва ҳукумат буни англаб етгани ниҳоятда муҳимдир».

Spratlen.jpg

Манба: daryo.uz

Orqaga