06.08.2019

Мактабгача таълим тизимида жиддий ислоҳотлар кутилмоқда

Мактабгача таълим тизимида жиддий ислоҳотлар кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 9774 мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Уларда 3-7 ёшгача бўлган болаларни қамраб олиш даражаси 40,5 фоизни ташкил этади. Қолган 60 фоиз болалар қачон ва қандай қилиб боғчага жалб этилади? Оғир шарт-шароитларда фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол ўнгланадими? Ота-оналар бундай даргоҳда тарбияланаётган ўғил-қизининг таълим-тарбияси, соғлиғи, овқатланиши, умуман, келажагидан қачон хотиржам бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этган матбуот анжуманида журналистларнинг шу каби саволларига атрофлича жавоб қайтарилди. Унда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, вазир ўринбосарлари, вазирлик бошқарма бошлиқлари иштирок этди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 8 май куни Президентимиз қарори билан “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Бу ҳар бир шаҳар ва туман кесимида МТМлар сони, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилаб берган биринчи ҳужжатдир. Жумладан, унда Мактабгача таълим вазирлиги МТМлар қувватини ошириб бориши белгиланган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2021 йилга бориб янги боғчалар очиш, давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда чекка ҳудудлар учун долзарб бўлган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ташкил этиш ҳисобига улардаги ўринлар сони 56,8 фоизгача кўпайтирилади. 2030 йилда эса бу рақамни 132,3 фоизга етказиш кутилмоқда. Айни шу даврда болаларнинг МТМларга қамраб олиш кўрсаткичини 80,8 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ҳозирда МТМларда ишловчи педагогларнинг 31 фоизигина олий маълумотли. Бу оғриқли муаммо ечими устида ҳам жиддий иш олиб борилмоқда. Жумладан, вазирлик таклифига асосан давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорида мактабгача таълим муассасаларига зарур кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Унга мувофиқ, айни мақсадда бакалавр босқичининг кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларига жами 6400 дан зиёд квота ажратилди.

– Педагоглар сонини кўпайтириш, шунингдек, ходимларни саралаш, тайёрлаш ва малакасини оширишга янги ёндашувларни татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз, – деди мактабгача таълим вазири А.Шин. – Вазирлик вакиллари масъул ходимлар фаолиятини ҳар дақиқада назорат қилиш имконига эга эмас. Шунинг учун ҳам МТМларда малакали, виждонли кадрлар ишлаши биз учун ниҳоятда муҳим.

Тадбирда нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Маълум қилинишича, бугунги кунда уларнинг сони 3942 тани ташкил қилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги тегишли қарорига асосан бундай фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чекланмаган муддатга бериладиган бўлди.

МТМларда болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашлаш ҳам доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Бу борада тадбиркорларнинг аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди. Бу усул МТМ мудираларига асосий диққатини таълимга қаратиш имкониятини яратиши билан ҳам янада аҳамиятлидир.

Мутасаддилар билдиришича, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида олиб борилаётган қурилиш ишлари натижасида янги қурилаётган уйлар атрофида мактабгача таълим ташкилотларига бўлган эҳтиёж янада ошиб бормоқда. Айни вақтда ҳудудлардаги 981 маҳаллада мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш зарурати мавжуд. Таъкидланишича, бу масала босқичма-босқич ҳал этилади. 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида эса 461 мактабгача таълим муассасасида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Манба: ЎзА 

Orqaga