07.08.2019

Акмал Саидов: Буллинг — янги ижтимоий воқелик

Акмал Саидов: Буллинг — янги ижтимоий воқелик

Болаларга нисбатан қилинаётган буллинг («таъқиб ва зўравонлик») масаласини ҳуқуқий тартибга солиш вақти келди. Бу ҳақда 6 август куни Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Ҳозирги кунда дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўпчилик болалар мактаб давриданоқ буллинг («таъқиб ва зўравонлик») қурбонига айланиб қолмоқда. Таъқиб деганда, одатда, таҳқирлаш, устидан кулиш, атайлаб эътибор бермаслик, камситиш ва калтаклаш тушунилади. Бунга сабаб — синфдошлар орасида ҳукмронлик қилишга интилиш. Ҳар қандай зўравонлик ва таъқиб қурбоннинг руҳиятига зарар етказади. Тадқиқотга кўра, таъқибга учраган болаларнинг соғлиғи, хусусан, руҳий соғлиғи ҳам ёмонлашади. Ёшлар ёлғизланиб, уларда тушкунлик ва ожизлик, ваҳима ҳисси шаклланади. Баъзилари ўз жонига қасд қилади.

«Дарё» мухбири долзарб масалалардан бирига айланган буллингнинг олдини олиш борасида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази қандай ишларни амалга ошираётгани ҳақида савол билан мурожаат қилди.

Саволга марказ раҳбари Акмал Саидов қуйидагича жавоб берди: «Мактабларда рўй бераётган бу каби ҳоллар ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда қанчалик кенг тарқалгани бўйича хабардор эмасман ва бу ваколатимга кирмайди. Лекин мана бундай камситишларни ҳуқуқий тартибга солиш керак. Олдин шу каби муаммо бу даражада кўтарилмаган. Ҳатто бу иборани эшитмаган ва эътибор бермаган эканман. Бу янги ижтимоий воқелик. Мен Россия матбуотида қизлар ўз дугонасини ваҳшиёна тарзда урганини кўрган эдим ва бу жуда ҳам нохуш ҳолат. Биринчи ўринда бу ерда, албатта, тарбиявий ва мактабдаги муҳитнинг носоғломлиги бўлса, иккинчидан буни ҳуқуқий тартибга солиш вақти келибди».

Марказ раҳбари ушбу масалани ўрганиб чиқиб, қонун йўли билан тушунча берилиши лозимлигини қўшимча қилди.

Маълумот учун, БМТ тадқиқотида айтилишича, ёшларнинг учдан икки қисми мактабда таъқибга учрайди. Кўп ҳолларда болалар мактабдаги низоларни катталардан беркитади. Ҳар учинчи боланинг ўзи ҳам таъқибда бир неча бор иштирок этган.

Манба: daryo.uz


Orqaga