09.08.2019

«Жаслиқ»нинг ёпилиши: жаҳон жамоатчилиги эътиборида

«Жаслиқ»нинг ёпилиши: жаҳон жамоатчилиги эътиборида

Фредерик СТАРР, Frederid Starr.jpg
АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, таниқли шарқшунос олим:
 
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг узоқ ҳудудидаги “Жаслиқ” колониясини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу муассаса ўн йиллар давомида Ўзбекистон ва Ғарб ҳуқуқ ҳимоячилари эътибор марказида бўлиб келди. Бу тўғри. Сабаби бу жойда маҳкумлар қийноқларга солингани айтилади. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва муассасалар бундан норози эканлигини билдирди, аммо саъй-ҳаракатлар бефойда бўлиб келаётганди.

Хўш, нега бундай кескин бурилиш рўй берди? Тўғри, шу йил май ойида АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбэк “Жаслиқ”ни ёпишни тавсия этганди. Қолаверса, қатор ННТ, БМТ, “Human Rights Watch” каби халқаро ташкилотлар ҳам шундай фикр билдиришган.

Фарқи шундаки, бу гал Ўзбекистон давлатининг ўзи Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ҳал этишда етакчи роль ўйнамоқда.

“Жаслиқ” колониясининг ёпилиши шунчаки ҳисобот учун дерсиз? Балки бу Ўзбекистон инвестиция жалб этишни истаётган бир пайтда чет эллик танқидчиларни тинчлантириш учун пиар-кампаниянинг бир туридир, деб ўйларсиз? 

Агар фақат ўша қамоқхонани ёпиш ягона воқеа бўлганида эди, юқоридаги хулосаларни оқлаш мумкин эди. Лекин асло бундай эмас. Аслида бугун Ўзбекистон фуқаролар ҳуқуқларига тааллуқли деярли барча секторларда улкан ислоҳотларни амалга оширяпти.

Ҳозир Ўзбекистонда рўй бераётган туб янгиланишларни баъзи мамлакатларгина кўнгилли равишда илгари сура олади. Айниқса, бу собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатларда, айниқса, мусулмон жамоатчилигида камдан-кам учрайди. Бинобарин, Ўзбекистон ўз сиёсий ва ҳуқуқий тизимини тинч йўл билан ўзгартиришга интилаётгани ҳам диққатга сазовор.

Бироқ белгилаб олинган барча ислоҳотларни рўёбга чиқариш учун муайян йиллар талаб этилади. Қонунлар қайта кўриб чиқилиши керак, адвокатлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланиши, судлар қайта ташкил этилиши ва жамоатчилик нигоҳи учун очиқ бўлиши лозим. Одамлар ҳам ўзларини субъектлар сифатида эмас, балки эркин фуқаролар, деб ҳисоблашлари зарур.

Мана, Шавкат Мирзиёевнинг “Жаслиқ” колониясини ёпиш тўғрисидаги қарори каби муҳим воқеалар нега шу қадар катта аҳамият касб этишининг сабаби! 

Бу Ўзбекистон ҳукуматига мазкур йўналишда келгуси қадамларни қўйиш мажбуриятини юклайди. Бундай вазиятда Ўзбекистонга ўзини дўст, деб билганлардан мамлакатдаги ислоҳотлар ҳамда ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Улар буни инсон ҳуқуқлари, таълим, инвестициялар ва иқтисодий тараққиёт жабҳасидаги қўшма лойиҳалар ёрдамида амалга оширишлари мумкин. 

Мухтасар айтганда, “Жаслиқ” колониясининг ёпилиши Ўзбекистон билан яқиндан алоқаларни йўлга қўйиш вақти келганини англатади.

Манба: xs.uz 

Orqaga