09.08.2019

Озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг ҳуқуқлари кучайтирилади

Озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг ҳуқуқлари кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони ижро этиш соҳасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда «Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан «Жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Лойиҳа тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўрнатилган тартибда киритилган. Ҳозирги вақтда мазкур қонун лойиҳаси ўрганиб чиқилмоқда.

Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни ва Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг тиббий ва ижтимоий ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ўзгартишва 15 та қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.

Жумладан:

манзил-колонияларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларнинг пенсия олиш ҳуқуқи таъминланиши;

юқумли касалликка чалинган маҳкумларни сақлаш ва уларга тиббий хизмат кўрсатишнинг янгича тизими жорий этилиши;

тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга суднинг қонуний ҳукми кучга киргандан сўнг жазони ўташ учун жўнатиладиган вақт ичида қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш ва телефон орқали сўзлашиш, ўзининг аҳволи ҳақида хабар бериш имконияти яратилиши;

овқатланишдан бош тортаётган маҳкумларнинг соғлиғи тиббий назоратга олиниши;

манзил-колонияларда жазони ўтаётган ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарга республика бюджети ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари учун маблағ ажратилиши;

стационар даволанишда бўлган маҳкумларга қариндошлари ёки бошқа шахслар билан шифокор рухсати билан учрашиш ҳуқуқи берилиши;

маҳкумларнинг учрашувлари, телефон сўзлашувлари, оладиган посилка, йўқлов ва бондеролларининг сони оширилиши;

меҳнатга жалб қилинган маҳкумларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш миқдорлари бўйича қонунчиликдаги номувофиқликлар бартараф этилиши;

муддатидан илгари шартли озод қилиш, шунингдек жазони енгилроғи билан алмаштириш рад этилган маҳкумлар меҳнатга виждонан муносабатда бўлган ва ўрнатилган режимга риоя қилган тақдирда, ушбу масаланинг қисқа муддатларда қайта кўриб чиқилишини таъминлаш назарда тутилган.


Манба: daryo.uz

Orqaga