12.08.2019

12 август – Халқаро ёшлар куни

12 август – Халқаро ёшлар куни

Бугунги кунда дунёда 10 ёшдан 24 ёшгача бўлган 1,8 миллиард нафар бола ва ўсмирлар яшамоқда. Шундан 6-14 ёш оралиғидаги болаларнинг катта ярми мактабга қатнашига қарамай, улар ўқиш ва санашни билмайди. 

Бутун ер юзида йигирма йилдан буён 12 август – Халқаро ёшлар куни сифатида кенг нишонлаб келинади. Бундан кўзланган мақсад аввало ана шу навқирон инсонларнинг дунё тараққиёти ва тақдирида тутган муҳим ўрнини эслатишдан иборат. Қолаверса, болаларнинг ўсиб-улғайиши, таълим ва тарбия олиши йўлида тўғаноқ бўлаётган турли муаммоларни ҳал этишга жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қаратишдир.

Байрамнинг бу йилги шиори – “Қамровдор таълим сари”. Бунда биринчи навбатда ёшларнинг инклюзив таълим олиши учун зарур чораларни кўриш ва барча болалар учун таълим олиш имкониятларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш байрам муносабати билан йўллаган табригида таъкидлаганидек, биз таълим соҳасидаги бўҳронли вазиятни бошдан кечираяпмиз. Аксар ҳолларда мактаблар болаларга технологик инқилоб даврида қўл келадиган кўникмаларни ўргатиш имкониятига эга эмас. Ўқувчиларнинг нафақат ўқишига, балки қандай ўқишни ҳам ўқиб-ўрганишига тўғри келмоқда.

Бугунги давр таълими бир пайтнинг ўзида ҳам билим олишни, ҳам ҳаётий кўникмаларни шакллантириш ва танқидий-таҳлилий тафаккурни ривожлантиришни таъминлаши лозим. Айниқса, ҳозирги замон таълими барқарорлик ва иқлим ўзгариши масалаларидан хабардорликни оширишга қаратилган бўлиши зарур. Бундан ташқари, у гендер тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва тинчлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши даркор.

Ушбу омилларнинг барчаси БМТнинг “Ёшлар-2030” стратегиясида ўз аксини топган. Бу стратегия навқирон инсонлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш ва уларни ўз ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Маълумот учун: БМТ Бош Ассамблеяси 1999 йил 17 декабрдаги  54/120-резолюцияси билан 1998 йил 8-12 август кунлари Лиссабонда бўлиб ўтган Ёшлар масалалари бўйича вазирлар умумжаҳон конференциясининг тавсиясини қўллаб-қувватлади. Яъни, 12 август – Халқаро ёшлар куни, деб эълон қилинди.

Манба: БМТ

Orqaga