15.08.2019

Депутатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Депутатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар учун эркаклар билан тенг шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 июндаги Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш, турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, аёлларнинг социал-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсадида эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари тенглигини қонун даражасида кафолатлаш таклифи билдирилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу ташаббуси ва ғояси асосида ишлаб чиқилган ҳамда 2019 йил 14 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилган “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан талабчанлик билан муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинаётган ушбу қонун лойиҳаси жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имконият яратишни таъминлашга қаратилган. Шунингдек, лойиҳада гендер тенглик, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, мутасадди органларнинг ваколатлари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, бундай тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган.

Лойиҳа билан эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланмоқда.

Баҳс-мунозара, тортишувларга бой кечган яна бир масала “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Мамлакатимиз Президенти ташаббуси асосида тайёрланган ушбу лойиҳа ҳам азалдан муқаддас деб билинган Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келиниши, аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига ҳурмат-эътибор ифодасидир, деган қарашнинг амалдаги инъикоси бўлди.

Дарҳақиқат, ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр
талабига айланмоқда.

Қатор қонун ҳужжатлари зўравонлик қилиш, шахсга нисбатан жисмоний куч ишлатиш жиноий қилмиш ҳисобланишига қарамай, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик қилиш ҳолларига етарлича эътибор берилмайди.

Шу боис ҳам руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонун йўли билан тартибга солиш талаб этилмоқда. Бу масалаларни тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун мавжуд эмаслиги эса давлат органларига тизимга солинган комплекс статистика олиб бориш имконини бермаяпти.

Мазкур қонун лойиҳаси ана шу муаммоларга барҳам беришга, хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лойиҳада тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар акс эттирилган. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ кўрсатилиб, бу соҳадаги ваколатли органлар белгилаб берилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ЎзА материали асосида тайёрланди


Orqaga