17.08.2019

ЮНИСЕФ Ўзбекистон учун махсус дастур ишлаб чиқади

ЮНИСЕФ Ўзбекистон учун махсус дастур ишлаб чиқади

Жорий йил 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистондаги БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) делегацияси билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, учрашувда мактаб ёшидаги болаларни тарбиялаш, уларнинг репродуктив саломатлиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, салбий ҳодисаларнинг зарарли таъсиридан уларни ҳимоя қилиш бўйича икки томонлама  ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Бу жараёнда оила, мактабгача таълим, таълим муассасалари муҳим роль ўйнаши қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва ЮНИСЕФ ваколатхонаси ўртасида 2016 йил 15 апрель куни имзоланган мамлакатга оид дастур ҳозирги вақтда муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди. Дастур БМТнинг 2016-2020 йилларда ривожлантириш мақсадида кўмаклашиш ҳадли дастурини (ЮНДАФ) ҳисобга олиб ишлаб чиқилган. ЮНИСЕФ ваколатхонаси 2014-2018 йилларда “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошириш учун Таълим бўйича глобал ҳамкорликнинг 49,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги беғараз техник кўмагини жалб қилишда республикага кўмаклашди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, жумладан болалар ва ўсмирларда репродуктив саломатлик тўғрисида энг зарур кўникмалар яратиш бўйича Ўзбекистон учун махсус дастур ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Манба: kun.uz

Orqaga