11.09.2019

Ўзбекистон делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида иштирок этмоқда

Ўзбекистон делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида иштирок этмоқда

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Женевада бўлиб ўтаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 42-сессиясида иштирок этмоқда.

Сессия ишида 190 дан зиёд мамлакат делегациялари қатнашмоқда. Иштирокчилар орасида ташқи ишлар ва адлия вазирлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари, парламентлар аъзолари, дипломатлар, академик ва экспертлар доиралари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бор.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет 9 сентябрь – сессиянинг очилиш кунидаги нутқида инсониятни иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ салбий омиллардан қутқаришга чақирди. Шунингдек, глобал исиш оқибатлари оғир ҳалокатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

М.Бачелетнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши – инсон ҳуқуқларига қарши глобал таҳдиддир.  Бу муаммо ҳаммага бирдек тааллуқли бўлиб, янги иқтисодий-ижтимоий ларзаларга, қуролли можаролар сонининг ортишига, аҳолининг кўчиши ва ҳатто ўлим ҳолатларининг кескин кўпайишига олиб келади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 42-сессияси 27 сентябргача давом этади. Унда Яман, Бурунди, Мьянма, Сурия, Украина, Грузия каби кўплаб мамлакатлардаги инсон ҳуқуқларига доир маърузалар тингланади. Иштирокчилар 90 та мавзули маъруза, шунингдек, алоҳида мамлакатлардаги бу борада мавжуд вазият билан боғлиқ ҳисоботларни кўриб чиқади.

Сессиянинг биринчи куни Ўзбекистон делегацияси, ташкилотчиларнинг таклифига биноан,  ХХР ва Туркманистон томонлари ўтказган тадбирларда ҳам иштирок этди.
Хитой томони кейинги 70 йилда мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлар ҳақида кўргазма ташкил этди. Унда саноат, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма тараққиёти натижалари, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ислоҳотлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига доир ҳуқуқларни таъминлаш борасидаги амалий чора-тадбирларнинг самаралари акс этган фотосуратлар ҳамда инфографика лавҳалари намойиш қилинди.

Туркманистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси жорий йилнинг 20-21 ноябрь кунлари Ашхобод шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) доирасида бўлиб ўтадиган Иқтисодий форумга бағишлаб йиғилиш ўтказади. Бўлажак Форум минтақада барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида савдо ва транспорт тизимидаги амалиётларни соддалаштириш мавзусига бағишланади.

Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси Туркманистон томонининг раислик қилувчи сифатида бу борада амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини маъқуллади. Дастур доирасидаги чора-тадбирларнинг самарадор экани қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари шу йил 11-13 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида СПЕКАнинг сув ресурслари, энергетика ва атроф муҳит муаммолари бўйича ишчи гуруҳининг 23-сессияси ўтказлишини ҳам қутладилар.

Айни вақтда 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ҳамда Парламентлараро иттифоқнинг Ижроия қўмитасига сайланиши учун Ўзбекистоннинг номзодини илгари суриш жараёнлари бормоқда. Ушбу жараёнлар доирасида, шунингдек, мамлакат Олий Мажлисига бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси 42-сессиянинг дастлабки куни бир қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари В.Т.Сингх, ХХР Давлат кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Л.Гуанжин, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссиясининг Ижрочи директори М.Бут билан музокаралар ташкил этилди. Мазкур учрашувлар давомида жорий йилнинг октябрь ойида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Тошкент семинарини ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари Ўзбекистон делегацияси билан Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтди.

Маълумот учун: БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши таркибига 47 та давлат киради. Кенгаш БМТнинг 2005 йилдаги Саммити қарорлари асосида худди шу номдаги комиссиянинг ўрнида тузилган. Мазкур Кенгаш – БМТ Бош Ассамблеясининг органи бўлиб, ўз мажлисларини мунтазам равишда, йилига камида уч марта ўтказади. Шунингдек, Кенгаш фавқулодда сессиялар ўтказиши ҳам мумкин. 

photo6032958110936707442.jpg
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Orqaga