83,6 фоиз юртдошларимиз инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат ортиб бораётгани таъкидлаган 30.12.2013

83,6 фоиз юртдошларимиз инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат ортиб бораётгани таъкидлаган

Ўзбекистон халқи ўз келажагига қатъий ишонади. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан фуқароларимиз поёнига етаётган 2013 йилни қандай баҳолаши, уларнинг ижтимоий кайфиятини аниқлаш мақсадида навбатдаги сўров ўтказилди.

Ўзбекистон халқи ўз келажагига қатъий ишонади

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан фуқароларимиз поёнига етаётган 2013 йилни қандай баҳолаши, уларнинг ижтимоий кайфиятини аниқлаш мақсадида навбатдаги сўров ўтказилди.

Сўров Ўзбекистон фуқаролари Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсат, ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Юртдошларимиз иқтисодиёт, банк тизимини ривожлантириш соҳасида мамлакатимиз эришган ютуқлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш борасида яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолайди.

Иштирокчиларнинг фикрича, истиқлол йилларида фуқаролар онгу тафаккурида, маънавияти, ҳаётга муносабатида улкан ўзгаришлар рўй берган. Аксарият қатнашчилар фуқароларнинг қонунга ҳурмати, мазмунли турмуш кечириш ва кундалик ҳаётда учрайдиган муаммоларни ҳуқуқий нормалар асосида ҳал этишга интилиши ошиб бораётганини қайд этган. Жумладан, 83,6 фоиз юртдошимиз инсон ҳуқуқлари, 82,1 фоиз хотин-қизлар, кексаларга нисбатан ҳурмат ортиб бораётгани, жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити янада мустаҳкамланаётганини таъкидлаган.

Тадқиқот ўзбекистонликлар ижтимоий кайфиятида эртанги кунга, мамлакатимиз фаровонлиги ва равнақига қатъий ишонч устунлигини кўрсатди. Кўпчилик иштирокчи (85 фоиздан ортиқ) 2013 йилни муваффақиятли ўтди, деб ҳисоблайди. 88,2 фоизи эса ўз ҳаётидан тўла мамнунлигини билдирган. Бу “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга эришилганидан ёрқин далолатдир.

Сўров қатнашчиларининг фикрича, мамлакатимизда меҳнат қилиш, касбий ва ижодий фаолиятни амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар мавжудлиги қўйилган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этган. 2013 йилда кўпчилик фуқароларнинг моддий аҳволи, маиший ва уй-жой шароити сезиларли даражада яхшиланган. 86 фоиздан зиёд иштирокчи оиласи ва ўзининг ижтимоий мавқеи ошганини қайд этган. Сўров иштирокчиларининг 90 фоизга яқини ўз оиласи моддий аҳволини яхши, деб баҳолайди.

Тадқиқот қатнашчилари мамлакатимиз қўлга киритаётган кенг кўламли ютуқлар ҳақида гапирар экан, 2013 йилда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи янада ортиб, халқаро муносабатлар соҳасида салмоқли муваффақиятларга эришганини алоҳида таъкидлади.

Юртдошларимиз келаси йилги мақсад ва режаларга оид саволларга жавоб берар экан, келажакка қатъий ишонч билан боқишини, 2014 йилнинг давлатимиз раҳбари томонидан Соғлом бола йили, деб эълон қилинганини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Аксарият иштирокчилар янги – 2014 йил мамлакатимиз учун навбатдаги туб ўзгаришлар йили бўлиши ва барча соҳаларда катта ютуқларга эришилишига қатъий ишонади. Айни пайтда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга тайёр эканини қайд этди.

Мухтасар айтганда, навбатдаги сўров фуқароларимиз янги – 2014 йилни кўтаринки кайфият, келажакка қатъий ишонч билан кутиб олиш ва Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини кўрсатди.

“Ижтимоий фикр” маркази материаллари асосида 
Сардор Тожиев тайёрлади


Orqaga