Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида 16.01.2014

Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида

16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ва биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Жумладан, янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, шунингдек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ва биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Жумладан, янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, шунингдек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидландики, янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ушбу қонуннинг амалдаги нормаларини аниқлаштириш асосида мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришга, акциядорларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлашга, акциядорлик жамиятлари бошқарув ва назорат органларининг роли ва аҳамиятини оширишга, шунингдек, акциядорлик жамиятларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни кенгайтиришга кўмаклашади.

Шу билан бир қаторда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши акциядорлик жамиятларини ташкил этиш масалаларини аниқроқ тартибга солиш, уларнинг устав фондини шакллантириш, қимматли қоғозларнинг бозор қийматини аниқлаш, акцияларни оммавий таклиф этиш орқали жамиятлар акцияларини жойлаштириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш йўли билан корпоратив муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашади. Бошқа тарафдан ҳужжатда акциядорларнинг, айниқса, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинганлигини ошириш масалаларига, жумладан, жамиятни бошқаришда уларнинг иштирок этиш механизмини аниқроқ белгилашга, бундай акциядорларнинг манфаатларини ифодаловчи махсус органни ташкил этишга етарлича эътибор қаратилди.

Бошқа янгиликлар орасидан тузилишдан манфаатдорлик бўлган битимлар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилишга доир талаблар белгилаш ҳамда мустақил аудиторлик ташкилоти томонидан бундай битимларни олдиндан ўрганиб, кузатув кенгаши ёки акциядорларнинг талаби бўйича тегишли хулосаларни тақдим этган ҳолда акциядорлик жамиятлари томонидан битимлар тузиш шаффофлигини оширишнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини қайд этиш мумкин.

Парламент аъзолари янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси айрим ҳуқуқий нормаларни қонун ҳужжатларига янги киритиладиган тузатишларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилганлигини қайд этдилар. Бунда Фуқаролик кодексига, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, депутатлар корпуси тижорат сирини ташкил этувчи ахборотдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш орқали хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишининг таъминланиши борасидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишга ва ҳар томонлама муҳокама этишга алоҳида эътибор қаратди.

Бугунги кунда қонун ҳужжатларининг махфий ахборот ва тижорат сирига оид нормаларга тааллуқли қоидалар бир қатор норматив хужжатларда мавжуд. Шу билан бирга, ислоҳотлар ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги изчил ошиб бораётганлиги тижорат ахборотини ҳимоя қилиш институтининг мазмун-моҳиятига ягона ҳуқуқий ёндашувлар бўлишини, уларни қонун ҳужжатларида бир хилда акс эттириш масаласини кун тартибига қўйди.

Шу муносабат билан “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимлаштириш ва тақдим этиш масалаларини қонунчилик йўли билан тартибга солишни таъминлашга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Бундай ёндашув бозорда рақобатлашиш шароитларида, айниқса, рақобат инсофсиз хусусиятга эга бўлган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатлари ҳуқуқий жиҳатдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш муҳим эканлиги билан изоҳланиши таъкидланди.

Қонун лойиҳасининг муҳим хусусияти – амалдаги қонун ҳужжатларига ҳавола қилинадиган нормалар сонини камайтиришдан иборатдир. Қонун лойиҳасининг батафсил мазмун-моҳияти хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ижро этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун унинг қўлланилиши қулайлигини ҳамда бир хилда тушунилишини таъминлайди.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу муносабатларни самарали тарзда норматив жиҳатдан тартибга солиш, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий йўл билан тартибга солиш орқали тижорат сири эгаларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тизимини яратишга кўмаклашишини қайд этдилар. Тижорат сири эгаларининг ҳуқуқларини бекор қилиш асослари, шартлари ва чегараларини мустаҳкамлаш, уларнинг тартиб-таомилини тартибга солиш ушбу ҳуқуқнинг дахлсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати


Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/chamber/10110


Orqaga