Ҳаётда ўз ўрнини топмоқда 11.02.2014

Ҳаётда ўз ўрнини топмоқда

Мамлакатимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор бу борадаги ишларнинг яна бир амалий намунаси бўлди.

Тошкент вилоятида мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Озодликка чиқарилган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ҳар томонлама ёрдам берилаётир.

– Маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида жиноий жавобгарликдан озод этилган шахсларнинг оилаларидаги шарт-шароит, муҳит ўрганилиб, муайян профилактика ишлари олиб борилмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ижтимоий мослашув маркази раҳбари Хуршид Норматов. – Хусусан, жазодан озод этилганларни тиббий кўрикдан ўтказиш, фуқаролик паспортига эга бўлиши, иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Амнистия билан озод қилинган фуқаролар орасида зангиоталик Шуҳрат Мадқосимов ҳам бор. У Зангиотадаги насос станциялари, энергетика ва алоқа корхонасига ишга кирди.

– Хатоларингни кечириб, ишонч билдиришса, мадад қўлини чўзиб, бағрикенглик кўрсатишса, одамда масъулият ҳисси ортар экан, – дейди Ш.Мадқосимов. – Бундан буён мазмунли ҳаёт кечиришга, эл-юрт хизматида бўлишга чин дилдан аҳд қилдим.

Вилоятда жазодан озод этилган шахсларга моддий ва маънавий кўмак бериш ишлари давом этмоқда.

ЎзА, Х.Салимов

Манбаhttp://uza.uz/oz/society/30750/


Orqaga