Фуқаролик жамияти ва ёшлар 12.05.2014

Фуқаролик жамияти ва ёшлар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Кучли фуқаролик жамияти барпо этишда ёшларнинг ўрни” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Унда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, маҳаллалар фаоллари, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланган, қонун устуворлиги таъминланган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилгандир. Ўз навбатида ёшлар илм-фан, спорт ва бошқа барча жабҳаларда эришаётган ютуқлари билан давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборга муносиб бўлишга интилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори навқирон авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, йигит-қизлар онги ва қалбини турли маънавий таҳдидлардан ишончли ҳимоялаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга кўтармоқда.

Анжуманда “Соғлом бола йили” Давлат дастурига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда атрофлича маълумот берилди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳақида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

– Ҳуқуқ ва манфаатларимиз ҳимоясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи янги қонун лойиҳаси ёшларни ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб улғайишга, мамлакатимиз равнақи йўлида бор иқтидор ва қобилиятини намоён этишга ундайди, – дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейи ўқувчиси Аббос Туробиддинов.

Тадбирда ёшларга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш борасида мутахассисларнинг чиқишларини кўпайтириш, ўғил-қизларни “оммавий маданият” таъсиридан ҳимоя қилишда оила, маҳалла, таълим муассасалари ҳамкорлигини янада кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.


ЎзА, Д.Каримов


Манба: http://uza.uz/oz/society/32230/


Orqaga