Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали миллий тизими 10.12.2014

Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали миллий тизими

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, Бош қомусимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратиб берди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат қурилиши ва жамиятни ривожлантиришнинг, ички ва ташқи сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 

Пойтахтимизда "Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш – қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг муҳим йўналиши" мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда бу алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, олий ўқув юртлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, халқаро экспертлар, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) С.Рашидова, Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи И.Турғунов, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ў.Муҳамедов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Д.Сабо ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида инсон ҳуқуқлари юксак даражада қадр топаётганини алоҳида таъкидлади.  

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига таяниб, миллий ҳуқуқий тизим яратилди, инсон манфаатлари ислоҳотлар стратегиясининг асоси сифатида белгиланган. Демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши Конституциямизда ифодаланган. Фуқароларнинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган кўплаб қонунлар қабул қилинган. Бу мазкур йўналишда миллий қонунчилик тизими шаклланганининг амалдаги исботидир. 

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий институтлар фаолияти йўлга қўйилгани, соҳада узлуксиз таълим ва маърифий ишлар олиб борилаётгани, ҳуқуқий мавзуда йигирмадан зиёд ихтисослашган журнал ва газета чоп этилаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда. 

Ушбу йўналишда замонавий ахборот-ресурс марказлари ҳам фаолият юритмоқда. Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс маркази шулардан биридир. Замонавий ахборот-технологиялари билан таъминланган ушбу марказнинг компьютерлар базасида миллий қонунчилик асослари, инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида қабул қилинган халқаро аҳамиятга молик ҳужжатлар жамланган. Соҳа ходимлари улардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароит яратилган. 

Ички ишлар ходимларининг бу борадаги малакасини ошириш, ушбу мавзуда семинар-тренинглар ўтказиш, ҳужжатлар ва адабиётлар чоп этиш ҳамда давлат идоралари, судлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорлик механизмининг самарадорлигини кучайтиришга доимий эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар вазирлиги тизимида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси ташкил этилгани бунда муҳим аҳамият касб этаётир. 

– Инсон ҳуқуқлари ҳимояси жуда муҳим ва долзарб мавзудир, – дейди эксперт Ги Винет (Франция). – Бу йўналишда Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг миллий институтлари тизими яратилгани, ички ишлар идораларида бу масалага алоҳида устувор аҳамият берилаётгани эътиборга лойиқ. 
Халқаро конференцияда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд, прокуратура органларининг роли, бу борада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги, ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти тажрибаси, ижро этувчи органлар фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тергов жараёнида гумон қилинувчини сўроқ қилиш борасида норматив-ҳуқуқий базага, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига оид мавзуларда маърузалар тингланди. 

Анжуманда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларда белгиланган мажбуриятлари изчил бажариб келинаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат тизимини янада такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА 

Orqaga