27.11.2018

Инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги: миллий амалиёт ва халқаро тажриба

Самарқанд икки кун давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумига мезбонлик қилди. ЎзА мухбири форум иштирокчилари, таниқли экспертларнинг тадбир ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.


Самарқанд икки кун давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумига мезбонлик қилди. ЎзА мухбири форум иштирокчилари, таниқли экспертларнинг тадбир ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Муҳаммад Ризо Мажидий, Осиё Парламент ассамблеяси бош котиби:

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ва унинг доирасидаги учрашувлар муҳим аҳамиятга эга. Бундай мулоқот Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тўлақонли таʼминлашда ўзаро фикр алмашиш учун ажойиб имкониятдир.

Инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлигини илгари суришда парламент институти муҳим рол ўйнайди. Зеро, парламентда фуқаролар манфаатини ифода этиш, қонунчиликка риоя қилинишини таʼминлаш борасидаги имконият юқори.

Осиё Парламент ассамблеяси ҳам ташкилотга аʼзо мамлакатларда тинчликка эришиш йўлида стратегиялар ишлаб чиқиш ва таргʻиб қилишга интилиб, демократик мезонларни мустаҳкамлашдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқларини таʼминлаш узоқ муддатли истиқболга эга интеграциялашув соҳасидаги шерикликни кенгайтиришни тақозо этади. Айни шу ўринда Самарқанд форумининг қанчалик аҳамиятга эга экани маʼлум бўлади. Ушбу форум минтақадаги воқеаларга таʼсир кўрсата оладиган, инсоният учун тинчлик, фаровонлик ва тараққиётни кафолатлаш йўлидаги ҳаракатларни бирлаштирадиган муҳим анжуман бўлди.

Маргарета Кинер Неллен, ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар масалалар бўйича бош қўмитаси раиси:

– Анжуманда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси номидан иштирок этганимдан мамнунман. Форумни ташкил қилишда бевосита ташаббус кўрсатган Ўзбекистон раҳбарияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Инсон ҳуқуқларини таʼминлашдаги мақсадларга эришиш учун миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги ҳаракатлар биргаликда амалга оширилиши керак. Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ана шундай ҳамкорликка, миллий ва минтақавий қарашларни умумлаштириш йўлидаги самарали мулоқотга имкон яратди.

Вячеслав Толмачев, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили маслаҳатчиси:

– Ҳозирги иқтисодий тараққиёт ва глобаллашув шароитида инсон ҳуқуқларини таʼминлаш масаласи сиёсий аҳамият касб этмоқда. Бизнинг вазифамиз инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашнинг сиёсийлашув мезонидан босқичма-босқич воз кечишга эришишдир. Бироқ, ҳозир инсон манфаати борасида дунёда якдил қараш ва меʼёрлар йўқ.

Инсон ҳуқуқлари бўйича институтлар ва марказлар ана шундай мақсадларга эришишдаги ижтимоий йўлак ҳисобланади. Шу боис, ўзаро мулоқот ва маслаҳатлашувларга эҳтиёж бор.

Самарқандда ўтказилган форум юқори савияда, кенг қамровли йўналишларда ташкил қилингани билан аҳамиятли. Унда бугунги қатор муаммолар юзасидан фикр алмашиш, ечим ишлаб чиқиш бўйича иштирокчиларнинг ўзаро мулоқотлари ташкил қилинди.

Зулфия Кочорбаева, “Ижтимоий технологиялар” агентлиги директори (Қирғизистон):

– Фаолиятимиз хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бугунги кунда хотин-қизларга нисбатан оила ва жамиятда зўравонлик ҳолатлари кўпайган. Бу муаммони глобал характерга эга, дейиш учун асослар мавжуд. Ҳар учинчи хотин-қиз бир бор бўлса-да, зўравонлик ҳолатларига дуч келади. Қирғизистонда бу борадаги рақамлар юқоридаги кўрсаткичларга мос.

Инсон ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўймасликда давлат органлари билан бирга фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бироқ, уларни қўллаб-қувватлаш доим ҳам етарли эмас.

Мамлакатингизда ўтган Осиё форумида гендер тенгликка эришиш борасида ана шундай муаммоларни халқаро ҳамжамият эʼтиборига ҳавола этиш имкониятига эга бўлдик.



Orqaga