29.11.2018

ЕХҲТ Инсон ҳуқуқлари бюроси: Самарқанд декларациясининг амалда қўлланилиши унинг муваффақиятини билдиради

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари Акмал Саидов форум анъанавий тарзда 2 йилда бир маротаба Самарқанд шаҳрида ташкил этилишини билдирди.

22-23 ноябрь кунлари Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича  Осиё форуми бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари Акмал Саидов форум анъанавий тарзда 2 йилда бир маротаба Самарқанд шаҳрида ташкил этилишини билдирди. Анжуманда иштирок этган Kun.uz мухбири форумда қатнашган халқаро ташкилотлар вакилларидан қисқа интервьюлар олди. Хусусан, қуйида ЕХҲТ ДИИҲБ (Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бюроси) директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир билан бўлган суҳбат мазмуни билан танишишингиз мумкин.

Толиб Раҳматов: – Ўзбекистонга хуш келибсиз! Бир неча кун аввал Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Шу муносабат билан, айнан инсон ҳуқуқлари борасида бир неча саволимиз бор эди. Халқаро  экспертлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати илиқлашувини қайд этишмоқда. Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг бу борада фикри қандай?

Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир: – Авваламбор, мени суҳбатга чорлаганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Айтиб ўтишим керакки, бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим. Шунинг учун, унинг қисқача тафсилотлари билан ўртоқлашсам. Менга форумда иштирок этиш имконияти тақдим этилганидан хурсандман.

Гувоҳи бўлиб турибмизки, Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда ўзгаришлар, ривожланишлар бор. Бу, фикримча, Президентингиз томонидан қабул қилинган 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилиши кўзда тутилган Ҳаракатлар стратегияси билан ҳам боғлиқ. Ушбу Стратегиянинг муваффақиятларидан бири сифатида мана шу форумнинг ташкил этилишини ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Чунки, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга. Асосий масала эса, Инсон ҳуқуқлари бўйича ташкил этилган конференцияни БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури билан боғлашдан иборат. Бунга сабаб, токи инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги таъминланмас экан, барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди.

Т.Р.: – Сиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотга раҳбарсиз. Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни қандай баҳолайсиз?

И.С.Г.: – Инсон ҳуқуқлари таъминланишига масъул ташкилот вакили сифатида айтишим мумкинки, биз юқорида келтириб ўтганим уч тамойил – инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги таъминланишида бизга аъзо 57та давлатга, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам кўмаклашамиз. Ушбу давлатлар, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, демократик институтлар сонини ошириш ва уларнинг фаолиятини яхшилаш ҳамда эркаклар ва аёллар ўртасида гендер тенглигини таъминлаш борасида сезиларли ишларни амалга оширди. Бу, албатта, бизни қувонтиради. Ўзбекистоннинг ҳам бошқа илғор мамлакатлар ривожланишининг асосий омили бўлган ушбу тамойилларга амал қилиши ҳар жиҳатдан ўсишига туртки бўлади. Биз Ўзбекистонни шундай муваффақият қозонган давлатлар сафида кўришдан фақат ва фақат хурсанд бўламиз.

Т.Р.: – Келгусида Ўзбекистон ва ташкилотингиз ўртасидаги муносабатларда қайси йўналишларни муҳим ҳисоблайсиз?

И.С.Г.: – Ташрифим давомида мен учрашишга муваффақ бўлган ҳукумат вакиллари билан бўлган суҳбатларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, биз ҳозирда асосан, ҳуқуқий масалаларда ҳамкорлик қиляпмиз. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш борасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уларга таклиф ва маслаҳатлар бердик, кўмаклашдик. Бундан ташқари, ҳукумат ва идораларнинг турли вакилларига кўзда тутилган ислоҳотларни амалга оширилишида ёрдам бериш, трейнинглар ташкил этиш ва шу кабиларда ишлар олиб бормоқдамиз. Биз ички ишлар ходимлари, қонун чиқарувчи ва унинг ижросини таъминловчи соҳа вакиллари ҳамда дискриминацияга қарши курашувчиларга ҳам ўқув машғулотлари ташкил этамиз. Айнан шу масалалар бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидир.

Т.Р.: – Яна бир бор Самарқанд форуми ҳақида. Хабарингиз бор, бу ерда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Форум натижалари хусусида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир

И.С.Г.: – Албатта, форум жуда яхши ўтди, лекин бу илк қадам, холос. Форум якунида Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Бу каби декларациялар, пактлар, келишувлар ва бошқалар дунёнинг ҳар турли минтақасида кўплаб қабул қилинаверади. Аммо, уларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошмайди. Шундай экан, Самарқанд декларациясининг қоғозда қолиб кетмасдан, амалда ҳам натижа келтириши форумнинг қайдаражада муваффақиятли бўлганини белгилаб беради, деб ўйлайман.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон эркаклар ва аёллар ўртасида тенгликни таъминлаш, аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш ҳамда уларга кенг имкониятлар яратиб бериш масаласига жиддий эътибор қаратиши лозим. Буни айтишимга сабаб, мен гендер тенглик кафолатланиши бўйича илғор саналган давлат – Исландияда сиёсатчи сифатида ҳамда Европанинг аёллар муаммолари билан ишловчи турли ташкилотларида фаолият юритганман. Шундан келиб чиқиб таъкидлашим мумкинки, аёлларнинг фаол иштирокисиз ривожланиш бўлмайди.

Т.Р.: – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Orqaga