24.12.2018

Экспертлар идоралараро гуруҳи йиғилиши

Экспертлар идоралараро гуруҳи йиғилиши

2018 йил 17-21 декабрь кунлари Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони Қироллиги) Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) инсон ҳуқуқлари бўйича Декларацияси лойиҳасини муҳокама қилиш ва узил-кесил такомилига етказиш учун Ҳукуматлараро экспертлар  гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг ишида ИҲТ Бош котибининг гуманитар, маданий, оилавий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари элчи Хешам Юсуф, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси (ИҲМДК) ижро этувчи директори Мағруб Салим Бут, ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Х.Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси вакиллари, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро экспертлар иштирок этди. 

Йиғилиш ИҲТ Котибияти томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ИҲМДК билан биргаликда ташкил этилди. ИҲМДК ва ИҲТ Котибияти томонидан ИҲТ ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2015 йилда ўтказилган 42-сессияси қарорига мувофиқ тайёрланган ИҲТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Декларацияси лойиҳасини муҳокама этиш ва узил-кесил такомилига етказиш йиғилишнинг мақсади бўлди.

364595207ba9b541e706b7e6b8355ed55c1b644ba9bee.jpg

Декларация лойиҳасини муҳокама қилишда Марокаш, Саудия Арабистони, Миср, Буркина-Фасо, Туркия, Покистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қувайт, Қатар ва бошқа мамлакатлар вакиллари сўзга чиқдилар. Ўзбекистон делегацияси томонидан Кенгаш иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланган инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларни Декларация матнига киритиш ҳақида таклифлар киритилди. 

Йиғилишда Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини амалга ошириш, хусусан, БМТ Бош ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” Резолюциясининг қабул қилиниши ва ёшлар ҳуқуқлари БМТ Халқаро конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш, Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари Осиё форуми якунлари, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги  ахборот иштирокчилар эътиборига етказилди.

Муҳокама якунлари бўйича Декларациянинг такомиллаштирилган лойиҳаси тасдиқланди. У 2019 йилда ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши кўриб чиқиши ва қабул қилиши учун юборилади. 


* * * 

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон делегациясининг ИҲМДК ижро этувчи директори М.Бут билан музокаралари бўлиб ўтди. М.Бут Инсон ҳуқуқлари Осиё форумига таклиф этилгани ва иштироки ҳамда ИҲТ билан ҳамкорлик бўйича ташаббус кўрсатилгани учун Ўзбекистон Раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. Шу муносабат билан у 2019 йил сентябрь – октябрь ойларида Тошкент шаҳрида Комиссиянинг ёшлар ҳуқуқларига бағишланган семинарини ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилди. Шунингдек Комиссия аъзолари ва ИҲТга аъзо мамлакатлардан инсон ҳуқуқлари бўйича таниқли экспертлар иштирокида семинар ўтказишнинг ташкилий ва амалий масалаларини Ўзбекистон томони билан батафсил муҳокама қилишга ИҲМДКнинг тайёр эканлигини билдирилди. 

Шунингдек 20 декабрь куни Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси томонидан Қирол Файсал номидаги Тадқиқотлар ва исломшунослик маркази билан биргаликда ташкил этилган “Ҳозирги Ўзбекистон: XXI асрда мусулмон оламининг уйғониши” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси, ўзбекистонлик мутафаккирларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, маданий қадриятларни сақлаш ва асраб-авайлаш юзасидан мамлакатда олиб борилаётган чора-тадбирлар, демократик ислоҳотлар, шу жумладан, диний эркинликка доир ҳуқуқни амалга оширишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада мустаҳкамлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот берилди

Иштирокчилар ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси фаолиятига қизиқиш билдирдилар ва ҳамкорлик ўрнатишга тайёр эканлигиини маълум қилди. 

Давра суҳбатида Ўзбекистонда маданий мерос, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича эълон қилинган материаллар кўргазмаси ташкил этилди.

20 декабрь куни Саудия Арабистонининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Бандаром ал-Айбан билан ҳам учрашув ташкил этилди. Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Саудия Арабистони Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ўртасида Ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзолаш масаласи муҳокама қилинди.

Orqaga